Германия Украинага TAURUS ракеталарини етказиб бериш ҳақида «ўйламаяпти»
Украина узоқ вақтдан бери Германиядан 500 кмдан ортиқ масофага учадиган TAURUS ракеталарини етказиб беришни сўраб келади. Аммо Германия мудофаа вазири Писториус ташрифи чоғида Украина раҳбариятининг умидларини сўндирган.

Фото: Defense Ministry/ZUMAPRESS.com/picture alliance
Германиянинг амалдаги ҳукумати ҳозирда Украинага TAURUS қанотли ракеталарини етказиб бериш масаласини «кўриб чиқмаяпти», деди Германия мудофаа вазири Борис Писториус. 12 июн, пайшанба куни Киевга ташрифи чоғида бу ҳақда сўралганда, Писториус шундай жавоб берди: «Сиз мендан бундай имкониятни кўриб чиқяпмизми, деб сўрадингиз, жавобим - йўқ».
Украина узоқ вақтдан бери 500 кмдан ортиқ масофага учувчи TAURUS ракеталарини етказиб беришни талаб қилиб келади, улар ёрдамида Россия ичкарисидаги нишонларга зарба берилиши мумкин.
Шу билан бирга, Борис Писториус Украинага узоқ масофали қуролларни сотиб олиш учун қўшимча кенг кўламли ёрдам кўрсатишга ваъда берди. Унинг сўзларига кўра, Германия Киевни зарур тизимлар билан тезроқ таъминламоқчи. Охирги ойларда тасдиқланган 7 миллиард евродан ташқари яна 1,9 миллиард евро ажратиш режалаштирилмоқда, деди у. Бу маблағлар қисман Украинада ишлаб чиқариладиган узоқ масофали қуроллар учун тўловга сарфланиши мумкин. «Дастлабки тизимлар, эҳтимол, яқин ойларда олинади», деб ваъда берди Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари.
Украина президенти Володимир Зеленский мамлакати Германиядан Iris-T зенит-ракета комплекслари ва улар учун эҳтиёт қисмларни келгусида етказиб беришга умид қилаётганини айтди. «Келгуси уч йил учун етказиб бериш режамиз бор», деди у. «Бундан ташқари, мудофаа саноати соҳасида ҳамкорлик чуқурлашади. Биз Германия ва Украинада қўшма корхоналар кўпроқ бўлишини истаймиз», — дея таъкидлади Зеленский.
Шу билан бирга, Украина президенти Германия билан фаол ҳамкорликка қарамай, Вашингтон қўллаб-қувватловини бутунлай алмаштириб бўлмаслигини тан олди. Масалан, Patriot зенит-ракета комплекслари фақат АҚШда ишлаб чиқарилади, ҳатто Германия бу тизимларни Киевга бошқа давлатларга қараганда кўпроқ етказиб берган бўлса ҳам, деди Зеленский.
Мавзуга оид

18:00
Зеленский Украина тинчлик учун қандай муросага тайёрлигини айтди

13:18
ЕИ украиналиклар учун вақтинчалик ҳимояни 2027 йил мартигача узайтирди

12:36
Москва 1200 нафар Украина фуқаросининг жасадини Киевга топширди

15:20 / 13.06.2025