Ўзбекистон | 10:10 / 17.06.2025
2921
1 дақиқада ўқилади

Марказий банк фуқароларни рақамли фирибгарлик ҳақида огоҳлантирди

Сўнгги вақтларда рақамли технологиялар орқали амалга оширилаётган фирибгарлик ҳолатлари мураккаблашиб бормоқда. Бу фуқароларнинг огоҳлиги ошгани билан боғлиқ.

Фото: Kun.uz

Фирибгарлар ўзини уяли алоқа оператори “ходими” сифатида таништириб, фуқарога қўнғироқ қилади ва шартномани узайтириш баҳонасида шахсий маълумотларини олишга уринади.

Кейинчалик, Telegram орқали “Марказий банк” номи билан сохта профилдан хабар юборилади. Унда фуқаронинг банк иловаларига бегона шахслар киришга урингани, ёки кредит амалиёти тўлиқ якунланмагани ҳақида ёлғон маълумот берилади.

Фуқаро ҳамкорлик қилмаса, унга нисбатан жиноий жавобгарлик билан таҳдид қилинади. Ишонч уйғотиш учун очиқ манбалардан (масалан, lex.uz) Жиноий-процессуал кодекснинг электрон файли ҳам бириктирилади.

Агар фуқаро бу сохта маълумотларга ишониб, кўрсатмаларни бажарса, банкдаги маблағларидан маҳрум бўлиши мумкин.

Марказий банк бу каби ҳолатларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини расман маълум қилди ва фуқароларни огоҳ бўлишга чақирди.

Мавзуга оид