Жаҳон | 11:03 / 22.06.2025
15938
2 дақиқада ўқилади

Эрон АҚШ ҳужумидан кейин Исроилга ракеталар учирди

Эрон Исроил томон 20-30 та баллистик ракета учирди. Ҳужум оқибатида камида 11 киши жароҳат олди.

Фото: AP

22 июн тонгида Исроилнинг шимолий ва марказий қисмларида Эрон томонидан ракета зарбалари хавфи сабаб ҳаво тревогаси сиреналари янгради. Аҳолига пана жойларга кўчиш буюрилди.

Таъкидланишича, Эрон ҳужуми бир неча тўлқинларда давом этган. Исроил Мудофаа армиясига кўра, Эрон томонидан жами 20–30 та баллистик ракета учирилган.

Маген Девид Адом миллий тиббиёт хизматининг маълум қилишича, қутқарувчилар мамлакатнинг ўндан ортиқ жойларига ракета ва снаряд парчалари келиб тушганига оид хабарларни қайд этган.

Ҳужум оқибатида камида 11 киши жароҳат олган.

Қайд этилишича, ҳужум Америка ҳарбийлари тунда Эрон ядровий дастури объектларига берган зарбаларидан кейин амалга оширилган.

Эрон ядровий иншоотларига 22 июнга ўтар кечаси ҳужум қилди. Ғарб ОАВга кўра, АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари зарба беришда B-2А Spirit бомбардимончисидан фойдаланган. Мамлакат президенти Доналд Трамп Эроннинг муҳим ядровий объектлари йўқ қилинганини маълум қилди.

Ўз навбатида Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи АҚШ халқаро ҳуқуқ ва ядровий қуролни тарқатмаслик режимини «қўпол бузгани»ни билдирди. «Бугун тонгдаги воқеалар аблаҳона ва узоқ муддатли оқибатларга олиб келади. БМТнинг ҳар бир аъзоси бу ниҳоятда хавфли, қонунсиз ва жинояткорона хатти-ҳаракатдан ташвишланиши лозим», — деб ёзади у Х ижтимоий тармоғига.

Шунингдек, Арағчи БМТ Низоми қоидаларига мувофиқ, Эрон ўзини мудофаа қилиш тартибида қонуний жавоб чораларини кўришга ҳақли эканини айтди. «Шу асосда, Эрон ўз суверенитети, манфаатлари ва халқини ҳимоя қилиш учун барча имкониятларни ўзида сақлаб қолади», — дейди ТИВ раҳбари.

Мавзуга оид