Жаҳон | 10:41
4775
3 дақиқада ўқилади

Экспертлар Фордога жиддий зарар етганини маълум қиляпти

АҚШ ҳужумидан сўнг Эроннинг Фордо ядровий иншооти акс этган сунъий йўлдош суратларига асосланиб, экспертлар у жиддий шикастланган ёки вайрон бўлган деган хулосага келмоқда.

Фото: Planet Labs/dpa/picture alliance

Эроннинг Фордодаги уран бойитиш заводи жиддий зарар кўрган ёки ҳатто вайрон бўлган бўлиши мумкин. Бундай баҳони Maxar тижорат компанияси томонидан олинган объектнинг сунъий йўлдош тасвирларини кўздан кечирган бир неча экспертлар берди, деб хабар қилди Reuters 23 июн, душанбага ўтар кечаси.

Тасвирларда заводнинг ерости қисми тепасида жойлашган деб ҳисобланган тоғ тизмасидаги олтита чуқурлик кўрсатилган бўлиб, у ерда, афтидан, уранни бойитиш учун центрифугали ерости устахоналари жойлашган. «Мен бу қурилма йўқ қилинган бўлса керак, деган хулосага келган бўлардим», — дея БМТнинг ядро қуроли бўйича собиқ инспектори, Вашингтон фан ва халқаро хавфсизлик институти раҳбари Дэвид Олбрайтдан иқтибос келтиради агентлик.

Ўз навбатида, 22 июн куни журналистлар билан суҳбатда АҚШ штаблар бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси Дэн Кейн, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Фордодаги ядро иншооти ўта жиддий зарар кўрганини айтди. Бироқ у ерда жойлашган ядровий иншоотларга зарар етгани ҳақида фикр билдиришдан бош тортди.

Хабар эълон қилинган вақтда Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА)да Фордо ядровий иншоотидаги зарар кўлами ҳақида маълумот йўқ эди. Аввалроқ, 22 июн куни агентлик АҚШнинг Эрон ядровий иншоотларига ҳужумидан сўнг радиация даражаси ошгани бўйича белгиларни топмаганини маълум қилганди.

22 июнга ўтар кечаси АҚШ армияси Эроннинг учта ядровий объектига зарба берди. B-2 бомбардимончи самолётлари Фордо заводига, эҳтимол, ўн иккита 13,6 тонналик бункер бомбаси билан ҳужум қилди ва яна иккита бундай бомба Натанзга ташланди. Сувости кемалари Натанз ва Исфахондаги объектларга 30 та «Томагавк» ракетасини учирди.

АҚШ президенти Доналд Трамп халққа мурожаатида Эроннинг уран бойитиш бўйича энг муҳим иншоотлари йўқ қилинганини айтди. Эрон АҚШ зарбаларини тасдиқлади, бироқ объектларга жиддий зарар етмаганини маълум қилди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг Эронга берган зарбаларини қоралади.

Мавзуга оид