Ўзбекистон | 17:36 / 02.07.2025
6368
2 дақиқада ўқилади

Ўзини ўзи банд қилган таксичилар учун солиқни агрегаторлар тўлайди

Онлайн такси агрегаторлари орқали 430 мингдан ортиқ ҳайдовчи аҳолига йўналишсиз такси хизмати кўрсатмоқда.

Фото: Kun.uz

2025 йил 2 июлидан бошлаб, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг йиллик даромади 100 млн сўмдан ошганда, улар тўлаши лозим бўлган солиқлар давлат солиқ органларининг хабарномаси асосида юридик шахслар (солиқ агенти) – яъни агрегаторлар томонидан тўлов манбаида ушлаб қолинади.

Давлат солиқ хизмати хабарига кўра, бугунги кунда ўзини ўзи банд қилган 776,7 минг жисмоний шахс енгил автотранспорт воситасида йўловчиларни ташиш ҳамда буюртма асосида товарларни етказиб бериш йўналишида рўйхатдан ўтиб фаолият юритмоқда.

1 июл ҳолатига мижозларни излаш бўйича интерактив хизматларни кўрсатувчи 208 та юридик шахс – онлайн такси агрегатори солиқ органларининг ахборот тизимлари билан тўлиқ интеграциялашган. Улар орқали 430 мингдан ортиқ ҳайдовчи аҳолига йўналишсиз такси хизмати кўрсатмоқда. Ушбу агрегаторлар томонидан давлатга 89,6 млрд сўм солиқ тўланган.

Шу билан бирга, маълум қилинишича, жорий йил давомида ўзини ўзи банд қилган 189 шахснинг йиллик даромади 100 млн сўмдан ошган.

Мавзуга оид