Хусусий олий таълим муассасаси очиш учун янги талаблар белгиланди
Эндиликда хусусий университет очиш учун таълим жараёнига мўлжалланган бино-иншоотлар майдони 5 минг кв.метрдан кам бўлмаслиги, ОТМнинг дастурий таъминотини ўз ичига олган дастлабки устав фонди 2 млн доллар эквивалентдан кам бўлмаслиги, инвестор банкка 350 минг доллар депозит қўйиши ва бошқа янги шартларни бажариши керак.

Фото: xs.uz
Вазирлар Маҳкамасининг «Республикада нодавлат таълим хизматлари сифатини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, лицензиялашнинг қўшимча шартлари қуйидагилардан иборат:
Талабгор томонидан ташкил этилаётган олий таълим ташкилотининг концепцияси тақдим этилади. Концепцияда қуйидагилар кўрсатилади:
▪️ таълим ташкилотининг номи;
▪️ мақоми;
▪️ бошқарув тизими ва кадрлари;
▪️ асосий таълим ва илмий фаолият йўналишлари;
▪️ қабул параметрлари;
▪️ таълим сифатини таъминлаш тизими ва воситалари;
▪️ тўлов-контракт миқдори ва унинг ҳисоб-китоби;
▪️ таълим ташкилотини ривожлантириш бўйича 5 йиллик стратегик режаси;
▪️ таълим ташкилоти фаолиятига оид бошқа муҳим масалалар.
Талабгор томонидан нодавлат олий таълим ташкилотининг таълим жараёни билан бевосита боғлиқ бўлган моддий-техник база, дастурий таъминотни ўз ичига олган дастлабки устав фонди 2 млн АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилади. Кейинчалик талабалар сонининг кўпайиб боришига мутаносиб равишда устав фонди ошириб борилади.
Талабгор томонидан 350 минг АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар тижорат банкларидаги депозитларга захирага жойлаштирилади.
Ташкил этилаётган олий таълим ташкилотининг таълим жараёнига мўлжалланган бино ва иншоотлари майдони 5 минг кв/метрдан кам бўлмаслиги лозим. Бунда бино университетнинг ўз мулки бўлиши шарт эмас, камида 5 йил муддатга тузилган ижара (текин фойдаланиш) шартномаси асосида иш бошлаш ҳам мумкин.
Олий таълим ташкилоти ташкил этилган вақтдан бошлаб дастлабки 5 йил давомида унинг йиллик соф фойдасининг камида 80 фоизи, кейинги йилларда эса камида 50 фоизи мазкур таълим ташкилотининг асосий фаолиятини ривожлантиришга йўналтирилади.
Қарор кучга киргунга қадар лицензия олган тадбиркорлик субъектлари 2026 йил 1 январга қадар ўз фаолиятини янги лицензия талаблари ва шартлари асосида ташкил этиши лозим.
Мавзуга оид

07:51
Малайзия Ўзбекистон ОТМлари учун инглиз тилидаги илмий адабиётларни тақдим этди

15:47 / 01.07.2025
Қирғизистон олийгоҳида мамлакатга умуман келмаган ўзбекистонлик талабалар аниқланди

13:25 / 01.07.2025
Ички авиарейслар учун электрон ҳужжатлар билан рўйхатдан ўтиш мумкин

12:11 / 25.06.2025