Жаҳон | 13:56 / 04.07.2025
1649
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Конгресси Трампнинг «катта ажойиб» қонун лойиҳасини қабул қилди

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси Трампнинг солиқларни қисқартириш ва потенциал равишда давлат қарзи шифтини ошириш бўйича «катта ажойиб» қонун лойиҳасини маъқуллади. Ҳужжат АҚШ президентига имзолаш учун тақдим этилди.

Фото: AP

Сенатдан сўнг АҚШ Конгресси вакиллар палатаси президент Доналд Трампнинг солиқларни қисқартириш ва давлат қарзи чегарасини 4 триллион доллардан кўпроққа ошириш ҳақидаги «катта ажойиб» қонун лойиҳасини маъқуллади. 3 июл, пайшанба куни Конгресснинг 218 аъзоси ҳужжатни қўллаб-қувватлади, 214 нафари эса қарши овоз берди.

Эндиликда қонун лойиҳасини АҚШ президенти Доналд Трамп имзолаши керак. У буни 4 июл, АҚШ Мустақиллик куни оқшомида қилиши кутилмоқда.

Қонун лойиҳаси солиқларни камайтириш, иммиграция хизматини молиялаштиришни ошириш ва камбағаллар, ногиронлар, кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳамда бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг тиббий харажатларини тўлашга ёрдам берадиган Medicaid дастурига харажатларни камайтиришни назарда тутади.

Шу билан бирга, мудофаа харажатларини ошириш, хусусан, Golden Dome («Олтин гумбаз») ракетага қарши мудофаа тизимини ривожлантириш назарда тутилган.

Сенатор Рэнд Пол (Кентукки штатидан республикачи) аввалроқ ҳужжатни танқид қилиб, уни «қарз муаммосини ҳал қилувчи қонун лойиҳасидан кўра кўпроқ сарф-харажатлар ҳақидаги лойиҳа» деб атаган эди.

Ташаббус йил охиригача ҳарбий харажатларни 150 миллиард долларга оширишни, шунингдек, оммавий депортациялар ва Трампнинг иммиграция қонунларини амалга ошириш учун қўшимча федерал маблағ ажратишни назарда тутади.

Мавзуга оид