Спорт | 11:26 / 06.07.2025
13024
7 дақиқада ўқилади

«Реал» – «Боруссия» ўйинида драма: қўшимча дақиқаларда учта гол урилди

Мбаппе қайчи услубида урган голини Жотага бағишлади, Куртуа сўнгги сонияда қаҳрамонлик кўрсатди.

Фото: Sandra Montanez/Getty Images

КЖЧ. Чоракфинал
«Реал» — «Боруссия» Д 3:2
5 июл. Ню Йорк. «Метлайф стэдиум»
Голлар:
Гонсало Гарсия (10), Фран Гарсия (20), Мбаппе (90+4) — Байер (90+3), Гирасси (90+8, пеналти).
«Реал» — Куртуа, Трент (Себалос, 67), Рюдигер, Чуамени (Асенсио, 84), Ҳаусен, Фран Гарсия, Валверде, Гулер, Беллингҳэм (Мбаппе, 67), Винисиус (Модрич, 67), Гонсало Гарсия (Родриго, 86).
«Боруссия» Д — Кобел, Зюле (Коуту, 46), Антон, Бенсебайни, Рюэрсон, Гросс (Нмеча, 46), Забитцер, Брандт (Дуранвил 63, Чуквуэмека 82), Свенссон, Адейеми (Байер, 46), Гирасси.
Огоҳлантиришлар: Гросс (37), Коуту (63), Мбаппе (90+7).
Четлатиш: Ҳаусен (90+6).

«Реал» чоракфиналнинг якуний ўйинида Дортмунднинг «Боруссия» клубини мағлуб этди ва яримфиналда «ПСЖ»га қарши ўйнайдиган бўлди. 9 июл куни Мбаппе ўзи можароли тарзда тарк этган собиқ клубидаги собиқ жамоадошларига қарши майдонга чиқади.

Ўйиндаги илк голли вазиятни «Боруссия» юзага келтирди. Чап қанотдан кросс узатмага Брандт етиб борди, унинг ўрнида шу куни Жоб Беллингҳэм ўйнаши мумкин эди, аммо у 1/8 финал ўйинида иккинчи сариқ карточкасини олиб, дисквалификацияга учраган ва «Реал»даги акасига қарши ўйинга чиқа олмайдиган бўлганди. Дортмундликлар сардори эса ўз имкониятидан фойдалана олмади – унинг зарбасидан кейин тўп дарвоза соҳасига тўғри бормади. Кейин эса «Реал» даражадаги устунликдан фойдаланди.

Аввалига Хаби Алонсо 3-5-2 схемасида ўйнаётгандек тасаввур уйғотганди. Аммо кейин барчаси ойдинлашди – «Боруссия»нинг 3-5-2 (ҳатто 5-3-2 дейиш мумкин) схемасига қарши сон жиҳатдан устунликка эришиш учун Тчуамени олдинроққа чиқиб ҳаракатланди. Шу билан бирга, ҳисоб 0:0 эканида ҳужумларни бошлаш учун гоҳ Жуд орқароққа тушиб ҳаракатланди, гоҳ Гулер ҳимоячилар ва француз таянч яримҳимоячисидан ҳам орқароқда жойлашди. Мадридликлар асосан Фран Гарсиянинг чап қанотидан ҳужум уюштиришди. У яратиб берган илк вазиятдан Гонсало фойдалана олмади. 10-дақиқада эса «Реал» чап қанотдан яна бир ҳужум уюштирди ва қўриқчисиз қолдирилган Гулернинг узатмасидан кейин ушбу марказий форвард клублар мундиалидаги тўртинчи голни урди. Ушбу турниргача иккинчи жамоада ўйнаган ва Мбаппенинг саломатлигидаги муаммо туфайли асосий жамоага жалб этилган 21 ёшли футболчи турнир кашфиёти мақомини аллақачон ўзиники қилди.

Гонсалонинг аниқ зарбаси – «Реал»да дарвоза соҳасига борган илк зарба эди. Ёш тўпурар «қаймоқранглилар»нинг 10 дақиқа ўтиб урган иккинчи голида ҳам иштирок этди. У ўнг қанотда жарима майдони чизиғи олдида очилган Трентни тўп билан таъминлади, англиялик ҳимоячи эса марказга етиб келган Фран Гарсияга голли пас берди.

Биринчи бўлим охиригача «Реал» ўйинни назорат қилди – тўпга эгалик қилганида ҳам, тўпсиз ўйнаганида ҳам. Дортмунд бўлим давомида Куртуа дарвозаси томон атиги уч бор зарба йўллади. Мадридликлар эса танаффусга йирик ҳисобдаги ғалаба билан йўл олиши ҳам мумкин эди. Масалан, Беллингҳэм рақиб мудофаасидаги хатодан кейин собиқ жамоасини кечирди, унинг ерлатиб яқин бурчак томон йўллаган зарбаси устун ёнидан ўтиб кетди.

Ковач танаффусда уч футболчини алмаштирди. Жамоалар очиқ футбол намойиш этишга ўтди, шунга қарамай, «Реал» ўз қарши ҳужумларини муваффақиятли якунлай олмади, дортмундликлар эса жарима майдони ичидаги тўпурари Гирассига тўп узатиб беришнинг уддасидан чиқа олмади. Қолаверса, ўйиннинг бир соати ортда қолганида немислар жамоаси бир киши кам бўлиб қолиши мумкин эди. Коуто Фран Гарсияга нисбатан хавфли ўйнади. Оёғи билан рақибнинг бошига зарба берган футболчи четлатилганида ҳеч ким эътироз қилмаган бўларди, аммо ҳакам сариқ карточка билан чекланди.

«Реал» сафида эса иккинчи бўлим ўрталарида Мбаппе майдонга тушди. Жамоа сафидаги сўнгги турнирини ўтказаётган Модричга ҳам ўзини кўрсатиш имкони берилди. Шу билан бирга, Гонсало майдонда қолиб, Беллингҳэм ва Винисиус Жуниор захирага олинди. Бразилиялик футболчининг майдондалиги сезилмаётганди, одатда бу футболчи дриблинг эвазига вазиятлар яратарди, бу оқшом эса бирорта муваффақиятли алдаб ўтишни амалга оширолмади. Мбаппе дарҳол фаоллашиб, Гулер учун вазият яратиб берди. Ўйин якунига 10 дақиқа қолганида Ҳаби Алонсо яна бир марказий ҳимоячини майдонга ташлади – турнир гуруҳ босқичида қўпол хатоларга йўл қўйган Асенсиога яна имкон берилди. У ўнг қанотдан жой олди.

«Реал» қолган дақиқаларни «қуритиш» билан шуғулланди. «Боруссия» ҳужумда ҳеч нарса ўйлаб тополмади. Аммо қўшимча дақиқаларда ақл бовар қилмас воқеалар бўлиб кетди. Ковач жамоаси тасодифий гол эвазига интригани қайтарди. Рюдигер тўпни узоқлаштиришда хатога йўл қўйди – ва Байер ундан келган тўпни ерлатиб, дарвоза тўрига йўллади.

Аммо «Реал» дарҳол голга гол билан жавоб қайтарди: Мбаппе Гулернинг навбатдаги голли пасидан кейин «қайчи» услубидаги зарбаси билан тўпни дарвоза тўрига жойлади ва голини Диего Жотага бағишлади.

Кейинги эпизодда эса «Боруссия» пеналти ишлади. Ҳаусен жарима майдони ичида Гирассини ушлаб қолди – ва қизил карточка олиб, яримфиналда қатнаша олмайдиган бўлди.

Серу 11 метрдан аниқ зарба берди ва сўнгги дақиқалар ҳаяжонли ўтишини таъминлади. Қўшиб берилган дақиқаларга қўшиб берилган дақиқаларда «Боруссия» мағлубиятдан қутулиб қолиши мумкин эди, аммо сўнгги сонияларда Забитцернинг бурчакка йўналтирилган зарбасини Куртуа тўхтатиб қолди ва овертаймларни бекор қилди.

Энди яримфиналда «ПСЖ» ва «Реал» ўртасида финалдан олдинги финал учрашуви бўлиб ўтади.

Мавзуга оид