Жаҳон | 14:41 / 07.07.2025
1418
2 дақиқада ўқилади

BRICS давлатлари Трампнинг божларини танқид қилди

BRICS саммити иштирокчилари «глобал савдо ва иқтисодий ривожланишга таҳдид солувчи» «бир томонлама тариф чоралари» ҳақида «жиддий хавотир» билдирди. Ҳужжатда АҚШ тўғридан тўғри тилга олинмаган.

Фото: Silvia Izquierdo/AP/picture alliance

Бразилия ҳукумати 6 июл, якшанба куни эълон қилган Рио-де-Жанейродаги BRICS саммити декларациясида «савдони бузувчи ва ЖСТ қоидаларига тўғри келмайдиган бир томонлама тариф ва нотариф чораларининг ўсишидан жиддий хавотир билдирилган». Бундай чоралар «жаҳон савдосини янада қисқартириш ва глобал таъминот занжирларини бузиш билан таҳдид қилади», бу «мавжуд иқтисодий номутаносибликни кучайтириши ва глобал иқтисодий истиқболларга таъсир қилиши мумкин», деб ҳисоблайди аъзо давлатлар.

Ҳужжатда Америка Қўшма Штатлари ёки унинг президенти Доналд Трамп тўғридан тўғри тилга олинмаган. Бироқ, «бу Пенсилвания-авеню, 1600 манзилидаги шахсга қаратилган аниқ сиёсий зарба», деб ёзади AFP агентлиги ҳужжатга. Вашингтонда кўрсатилган манзилда Оқ уй жойлашган.

Шу куни АҚШ молия вазири Скотт Бессент Америка маъмурияти савдо музокараларида муваффақиятга эришмаган мамлакатлар учун божхона тўловларини 1 август куни қайтариш ниятида эканини айтди. Гап Трамп 2 апрелда эълон қилган, бироқ кейинроқ қолдирган йиғимлар ҳақида бормоқда. Ҳозирги вақтда 10 фоизлик асосий тариф ставкаси қўлланади, бироқ баъзи мамлакатларда бир неча баробар юқори божлар мавжуд. АҚШ аллақачон BRICS аъзоси Хитой билан ўзаро тарифларни 120-140 фоиздан 10-30 фоизгача камайтириш бўйича вақтинчалик келишувга эришган.

Мавзуга оид