Жаҳон | 23:21 / 12.07.2025
5001
2 дақиқада ўқилади

Италия мафиясининг Лотин Америкасидаги етакчиси қўлга олинди

Жузеппе Палермо Италиядаги энг кучли ва ёпиқ жиноий гуруҳлардан бири бўлган «Ндрангета» мафияси вакили ҳисобланади.

Фото: AP

Колумбия полицияси Лотин Америкасидаги «Ндрангета» жиноий ташкилоти етакчиларидан бири саналган италиялик Жузеппе Палермони ҳибсга олди, деб хабар берди AP. Расмийларга кўра, у Жанубий Америкадан Европага кокаин ва бошқа гиёҳванд моддалар контрабандаси йўлларини назорат қилган.

Палермо, шунингдек, Пеппе номи билан ҳам танилган, Интерпол томонидан халқаро қидирувга берилган. У Колумбия, Италия, Британия ва Европол ҳуқуқ-тартибот идоралари қўшма операцияси чоғида пойтахт Богота шаҳрида, кўчада ушланган.

Колумбия полицияси бошлиғи Карлос Фернандо Триана сўзларига кўра, Палермо ўз таъсирини хорижда фаол равишда ёяётган ва Италиядаги энг кучли ва ёпиқ жиноий гуруҳлардан бири бўлган, Европага кокаин етказиб берадиган «Ндрангета» мафияси вакили ҳисобланади.

Қўлга олинган шахс нафақат Колумбия, Перу ва Эквадорда катта миқдорда гиёҳванд моддаларни харид қилиш билан шуғулланган, балки Европа бозорига гиёҳванд моддаларни етказиб бериш учун денгиз ва қуруқлик йўлларини ҳам назорат қилган.

БМТ маълумотларига кўра, 2023 йилда дунё бўйлаб ноқонуний кокаин ишлаб чиқариш рекорд даражада 3708 тоннага етди, бу 2022 йилга нисбатан 34 фоизга кўп. Ўсиш биринчи навбатда Колумбиядаги кока плантацияларининг кенгайиши билан боғлиқ. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, гиёҳванд моддаларнинг махфий бозори, жумладан, кокаин бозори айланмаси йилига 500 миллиард доллардан ошади.

Мавзуга оид