Спорт | 02:13 / 14.07.2025
39728
5 дақиқада ўқилади

«Челси» финалда даҳшатли «ПСЖ»ни йирик ҳисобда енгди

Оқшом қаҳрамони Дембеле эмас, Палмер бўлди.

Фото: Chip Somodevilla/Getty Images

«Челси» – «ПСЖ» 3:0
Голлар:
Палмер (22, 30), Жоау Педру (43)
«Челси»: Санчес, Кукуреля, Колвилл, Чалоба, Гюсто, Кайседо, Жеймс (Дюзбери-Ҳолл 77), Педру Нету (Нкунку 77), Энцо Фернандес (Сантос 60), Палмер, Жоау Педру (Делап 67)
«ПСЖ»: Доннарумма, Нуну Мендеш, Бералдо, Маркинос, Ҳакими (Рамуш 73), Витиня, Руис (Заир Эмери 73), Жоау Невеш, Кварацхелия (Барколя 58), Дембеле, Дуэ (Рамуш 73)
Огоҳлантиришлар: Педру Нету (35), Кайседо (36), Гюсто (40), Колуилл (82) – Дембеле (87), Нуну Мендеш, 90
Четлатиш: Невеш (86)

«ПСЖ» бу мавсумда йўлидан учраган ҳар қандай рақибни тор-мор этиб келаётганди ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати финали олдидан кўпчилик учун «Челси» – яққол аутсайдер сифатида кўрилаётганди. Майдонда эса барчаси кутилмаган сценарийда кечди.

Луис Энрике синалган таркибни туширди, олдинда Дембеле-Дуэ-Хвича учлиги ҳаракатланди, Пачонинг дисквалификацияси туфайли Бералдо ҳимоя марказидан жой эгаллади. Мареска эса сюрприз тайёрлаганди - ўнг қанот ҳимоячиси Рис Жеймс таянч зонасига ташланди, қанотда унинг ўрнини Гюсто эгаллади.

Ўйинни трибунада ўтириб томоша қилиш учун шахсан АҚШ президенти Доналд Трамп ва рафиқаси Мелания Трамп стадионга ташриф буюришди.

Ўйин стартида кутилмаганда «Челси» анча олдинга чиқиб прессинг уюштирди ва тўп асосан майдоннинг парижликлар дарвозаси жойлашган қисмида қолишини таъминлади.

Ўйиндаги илк хавфли вазият ҳам лондонликларда бўлди, 9-дақиқада чиройли комбинацияни Палмер гол билан якунлаши мумкин эди, аммо тўп устун ёнгинасидан ўтиб кетди.

Шундан кейин лондонликлар толиқишди ва орқароққа қайтишди, парижликлар сафида эса Дуэ қулай имкониятдан фойдалана олмади, 16-дақиқада Руис қанотдан жарима майдонига кириб келган ҳужумчини тўп билан таъминлади, у яқин масофадан зарба бериши мумкин эди, аммо у марказда бўш турган Хвичага тўп узатишга қарор қилди – Кукуреля эса унинг ниятини ўқиди.

Икки дақиқа ўтиб Дуэда яна бир вазият юзага келди, бу сафар унинг ҳимоячилар ортидан ерлатиб йўллаган мураккаб зарбасини Санчес бартараф этди.

Шундан кейин Коул Палмер катта саҳнага чиқди, у аввалига саккиз дақиқа ичида эгизак голларини нишонлади, кейин эса Жоау Педруга голли узатма берди.

22-дақиқада Гюсто Мендешнинг хатосидан фойдаланиб, жарима майдонига ёриб кирди ва зарба берди, тўп йўлини Бералдо тўсди, лондонликлар қанот ҳимоячиси эса ўзига қайтиб келган тўпни марказда очилган Палмерга узатди. Коул Доннарумма қўриқлаётган дарвозанинг ўнг бурчагини аниқ нишонга олди.

30-дақиқада Палмернинг ўзи асосий ишни бажариб, Витиняни доғда қолдирди ва яна ерлатиб, ўнг бурчакка етиб бўлмас зарба йўллади.

Бўлимнинг охирги қисмида «ПСЖ» катта куч билан олдинга ташланди, лондонликлар рақибни тўхтатишга улгурмай қола бошлади ва қисқа вақт ичида жамоанинг уч футболчиси – Нету, Кайседо ва Гюсто сариқ карточка олишди.

43-дақиқада эса Палмер майдоннинг ярмини тўп билан юриб ўтди ва ҳимоячилар орасидан ўтказиб олдинга пас берди, Жоау Педро тўпга етиб бориб, уни дарвозабон устидан ошириб ташлади - 3:0.

Энрикенинг танаффусдаги кўрсатмаларидан кейин парижликлар иккинчи бўлимни кучли босим уюштириш билан бошлади, аммо тезкор жавоб голи урилмади.

Санчес иккинчи бўлимда ҳам қаҳрамонлик кўрсатишда давом этди, Дуэ, Дембеле ва Хвичанинг хавфли зарбалари уни ҳайрон қолдира олмади.

Биринчи бўлимда дарвоза соҳаси томон тўғри келган учта зарбадан учта гол ўтказиб юборган Доннарумма эса илк сейвини иккинчи бўлим ўрталарига келиб ижро этди. Майдонга тушганига бир дақиқа ҳам бўлмаган Делап тўп билан олдинга борди ва жарима майдонига кирмасдан зарба йўллади, италиялик дарвозабон олис бурчакка йўналган тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди.

Энрикенинг иккинчи бўлим давомидаги ўзгартиришлари наф бермади, «Челси» ҳисобга қараб ўйнади.

Парижликларнинг асаблари дош бермади - 85-дақиқада Невеш Кукурелянинг сочидан тортиб қолиб, қизил карточка олди. Шундан кейин амалда ўйинда интрига қолмади.

«Челси» ғалабали ҳисобни сақлаб қолди ва янги форматдаги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг илк ғолибига айланди.

Парижликлар мағлубият аламига чидай олишмади ва ўйин якунланиши билан майдонда тортишув юзага келди.

 

Мавзуга оид