Ўзбекистон | 12:03 / 18.07.2025
9431
2 дақиқада ўқилади

Анвар Ўрмонов Тошкент шаҳри прокурори в.б бўлган

Тошкент шаҳри прокуратурасига Анвар Ўрмонов раҳбарлик қилаётгани маълум бўлди. У бу лавозимда Президент администрацияси ҳузуридаги Комплаенс хизмати раҳбари лавозимига тайинланган Эркин Йўлдошев ўрнини эгаллади.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Анвар Ўрмонов Тошкент шаҳри прокурори вазифасини бажарувчига айланган, бу ҳақда Ўзбекистон бош прокуратураси хабаридан билиш мумкин.

«Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 15 июл кунидан 15 август кунига қадар “Хавфсиз ва соғлом пойтахт” номи остида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши кураш ойлиги доирасида профилактик тадбирлар ўтказилиши белгиланди.

Тадбирнинг асосий мақсади – жамоат тартибини таъминлаш, маҳаллаларда хавфсиз ва барқарор муҳитни яратиш, шунингдек, фуқароларнинг тинч ва осуда ҳаётини кафолатлашга қаратилган ишлар самарадорлигини янада оширишдан иборат.

Шу муносабат билан, ўтказилган саф тайёргарлигида шаҳар прокурори вазифасини бажарувчи А.Ўрмонов, шаҳар ИИББ бошлиғи Р.Султонхўжаев ва тегишли ҲМҚО раҳбарлари иштирок этиб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди», – дейилади хабарда.

Ўрунов бунга қадар пойтахт прокурорининг биринчи ўринбосари бўлган, илгари шаҳарнинг Шайхонтоҳур ва Сергели туманлари прокуратураси бошлиғи лавозимларида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил январдан бери пойтахт прокурори лавозимида ишлаб келган Эркин Йўлдошев 2025 йил июлида Президент администрацияси Комплаенс хизмати бошлиғи лавозимига тайинланганди.

Мавзуга оид