Жаҳон | 15:05 / 02.08.2025
1198
2 дақиқада ўқилади

Сербия: вокзал томи қулаши иши бўйича 11 киши ҳибсга олинди

Нови-Сад вокзалининг томи қулаши бўйича тергов доирасида яна 11 киши, жумладан Сербиянинг собиқ қурилиш вазири ва давлат компанияси раҳбари ҳибсга олинди. Улар коррупцияда гумон қилинмоқда.

Фото: REUTERS

Сербияда 2024 йил ноябрида Нови-Сад вокзалининг томи қулаши ва 16 кишининг ўлимига сабаб бўлган иш доирасида яна 11 киши ҳибсга олинди. Бу ҳақда 1 август, жума куни Reuters ва AFP агентлиги хабар берди.

Ҳибсга олинганлар орасида мамлакатнинг собиқ қурилиш, транспорт ва инфратузилма вазири Томислав Момирович ва темирйўл инфратузилмаси билан шуғулланган давлат компаниясининг собиқ ижрочи директори Небойша Шурлан ҳам бор. Қайд этилишича, бошқа собиқ қурилиш вазири Горан Весич ҳам ҳибсга олиниши режалаштирилган эди, бироқ у 31 июл куни касалхонага ётқизилган. Nova.rs ахборот сайти хабарига кўра, Весич 1 август куни шошилинч операция қилинган.

Ҳибсга олишлар Нови-Сад прокуратураси феврал ойида очган коррупция бўйича жиноий иш доирасида амалга оширилган. Икки вазир ва яна бир қанча шахслар Нови-Сад темирйўл вокзалини реконструкция қилиш билан шуғулланган Хитойнинг China Railway International ва China Communications Construction (CRI-CCC)компаниялари консорциумига иш учун бюджетни кўпайтиришга рухсат берганликда гумон қилинмоқда, бу эса давлат ғазнасига 115,6 миллион доллардан кўпроқ зарар етказган, CRI-CCC эса 18 млн доллар ноқонуний фойда олган.

1 ноябр куни Нови-Садда яқинда таъмирланган темирйўл вокзалининг ташқи бетон соябонлари қулаб тушди, 6 ёшдан 74 ёшгача бўлган 16 киши ҳалок бўлди. Фожиадан сўнг ўша пайтдаги қурилиш вазири Весич истеъфога чиқди, кейинчалик у ва вокзални реконструкция қилиш билан боғлиқ бўлган яна 12 киши қўлга олинди.

Мавзуга оид