Жаҳон | 20:41 / 04.08.2025
4722
2 дақиқада ўқилади

Краматорскка ракета зарбаси оқибатида 6 киши ҳалок бўлди

Кўп қаватли уйга ракета урилиши оқибатида 11 киши яраланган, вайроналар остида яна одамлар қолмоқда.

Фото: Украина ФВДХ

РФ қуролли кучлари 31 июл куни Донецк областининг Краматорск шаҳридаги кўп қаватли уйга йўллаган ракета зарбасидан кейин қидирув-қутқарув ишлари давом эттирилмоқда. Ҳозиргача қурбонлар сони 6 кишини ташкил этмоқда, ҳали вайроналар остида одамлар қолмоқда.

«Краматорскка йўлланган зарбанинг яна бир қурбони жасади кўп қаватли уй харобалари остидан чиқариб олинди», дея Донецк области ҳарбий маъмурияти раҳбари Вадим Филашкиннинг сўзларини келтирган РБК-Украина.

Филашкиннинг сўзларига кўра, айни вақтда қурбонлар сони олти нафарга етган, 11 киши яраланган.

Сўнгги маълумотларга кўра, вайроналар остида яна тўрт киши жасади қолмоқда. Қидирув-қутқарув амалиёти давом этмоқда.

Краматорскка зарба

31 июл куни соат 15:00 атрофида Краматорскда кучли портлаш содир бўлгани маълум бўлганди. Шаҳар марказида тутун устуни кўтарилганди.

Шундан сўнг, Краматорск шаҳри ҳарбий маъмурияти раҳбари россиялик ҳарбийлар шаҳарга зарба берганини тасдиқлади ва дастлабки қурбонлар ҳақида хабар берди.

Маълум бўлишича, зарба оқибатида беш қаватли турар жой биносининг ярми бутунлай вайрон бўлган. Маҳаллий расмийлар маълум қилишича, ракеталардан бири тўғри уйга келиб урилган.

3 август куни РФ ҳужумидан беш киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди.

Маълумот учун, Донецк областида жойлашган Краматорск Россия қўшинлари томонидан бир неча ойдан бери доимий таҳдид остида қолмоқда.

Украина шарқидаги энг йирик гуманитар ва логистика ҳабларидан бири бўлиб қолаётган шаҳар мунтазам равишда ракета ва авиация зарбаларига учрамоқда.

Мавзуга оид