Молия | 21:29 / 07.08.2025
2427
3 дақиқада ўқилади

“Ойлигим ошмаяпти” — ходим ва иш берувчи орасидаги доимий муаммо

Фото: iStock

“Ойлигимни оширишмаяпти!” – бу оддий нолиш эмас, ходимлар ва иш берувчилар ўртасида тез-тез учрайдиган ҳолат. Лекин буни фақат шикоят ёки кутиш билан ҳал қилиб бўлмайди. Ушбу мақолада бу ҳолатнинг сабаблари ва унга ечимлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

Кўпчилик ходимлар бир жойда, узоқ йиллар давомида, содиқлик билан ишлаган бўлсалар-да, ойлик ўзгармаётганидан шикоят қиладилар. Иш берувчи эса кўп ҳолларда буни “даромадлар етарли эмас”, “харажатлар катта”, “ҳозир вақти эмас” деган сўзлар билан изоҳлайди. Бу эса икки томонлама тушунмовчилик, норозилик ва иш самарадорлигини тушишига олиб келади.

Муаммо икки томонлама вужудга келиши мумкин:

Иш берувчи томонидан. У ходимнинг ўз устида ишлаётгани, билим ва кўникмаларининг ошгани, компанияга қўшаётган реал қийматини баҳолай олмаслиги, кўрмаслиги мумкин.

Иккинчидан, ходимнинг сукути ёки ҳисоб-китобнинг йўқлиги. Ходим ўз қадрини исботлаш, ўзгаришларни мулоқот орқали етказиш ўрнига сукут сақлайди ёки “бозордаги ўрни”, яъни ўша соҳадаги меҳнат нархи ҳақида аниқ маълумотга эга эмас.

Умумий олганда, ойликни оширишнинг икки йўли бор: “Кўпроқ” ёки “Яхшироқ”.

“Кўпроқ” – иш ҳажмини ошириш. Бунда, ходим кўп иш қилган сайин компания даромадига кўпроқ ҳисса қўшади ва ўз-ўзидан ойлиги ошади. Иш соатидан ташқари ишлаш, дам олиш кунлари ҳам иш билан банд бўлиш ойликнинг юқорилашувига сабаб бўлса ҳам лекин, ҳаддан ташқари юклама сифат ва соғлиққа зарар етказади, ишга бўлган иштиёқни пасайтиради.

“Яхшироқ” – сифатли, мураккаб, ноёб вазифаларни бажара олиш. Бу кўпроқ ишлашдан кўра афзалроқ, чунки бунда ҳажм эмас, қиймат муҳим.

Ходим “яхшироқ” ишлаш орқали маошини кўпайтириши учун:

  • мураккаб муаммоларга ечим таклиф қилиши;
  • ҳамкасблар ва мижозлар билан ижобий муносабат ўрнатиши, лидерлик қилиши;
  • компанияга реал фойда келтирадиган лойиҳаларда қатнашиши;
  • KPI орқали натижаларини кўрсатиши мумкин.

Ходим юқоридаги каби “яхшироқ” ишлаётган бўлса-да, маошида ўзгариш сезмаса, иш берувчи билан конструктив мулоқотга киришиши мақсадга мувофиқ.

Янги кўникмаларни (дастурлаш, дизайн, бошқарув, тил) эгаллаш, соҳага оид янгиликларни (тенденциялар, методикалар) ўзлаштириш, ижтимоий тармоқларда профессионал фаолият (портфолио, блог, лойиҳа тақдимоти) юритиш кабилар ходимнинг меҳнат бозоридаги қийматини оширади

Эслатма! Агар сиз ривожланаётган бўлсангиз, лекин компания бу ўзгаришни эътиборга олмаётган бўлса, ривожланишингизни бошқа жойда баҳолашга тўғри келади.

Мавзуга оид