Жаҳон | 08:30
1685
2 дақиқада ўқилади

АҚШда Россияга Abrams ҳақида маълумот бермоқчи бўлган ҳарбий ҳибсга олинди

22 ёшли америкалик ҳарбий хизматчи М1А2 Abrams танкининг эксплуатацияси ҳақидаги махфий маълумотларни Россияга узатмоқчи бўлди. Бунинг эвазига у Россия фуқаролигини олмоқчи эди, деб хабар беради ФТБ.

Фото: Sgt Tristan Kennedy

АҚШнинг Техас штатида 22 ёшли америкалик ҳарбий хизматчи Тейлор Адам Ли М1А2 Abrams жанговар танкининг иши ҳақидаги махфий маълумотларни Россияга беришга уринганликда айбланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги тарқатган баёнотда айтилган.

Федерал тергов бюроси (ФТБ) Тейлор Ли Америка танкининг заиф томонлари ҳақидаги махфий ҳарбий маълумотларни ўзи рус разведкачиси деб ҳисоблаган шахсга беришга уринганини, бунинг эвазига у Россия фуқаролигини олишга умид қилганини айтди.

Тергов маълумотларига кўра, 2025 йил июн ойида юқори даражадаги махфий маълумотларга кириш имконига эга бўлган Ли Россияга танк ҳақидаги маълумотларни юборган ва ўз хизматларини таклиф қилган. Мурожаатда у Россияга «ҳатто ихтиёрий равишда» ёрдам беришга тайёрлигини ёзган.

Июл ойида Тейлор Ли Россия ҳукумати вакили деб ҳисоблаган шахс билан учрашган ва гўёки унга танк ҳақидаги махфий маълумотлар ёзилган флеш-картани берган. Шунингдек, М1А2 Abrams махсус жиҳозларини Россия ҳукуматига топшириш масаласи ҳам муҳокама қилинган. 31 июл куни Ли қисмларни Эл-Пасодаги омборга етказиб берди ва у Россия ҳукумати вакили деб ҳисоблаган шахсга шундай деб ёзган: «Миссия бажарилди», дейилади Адлия вазирлиги сайтида.

Мавзуга оид