Жаҳон | 09:36
2473
2 дақиқада ўқилади

Америкалик эркак ChatGPT маслаҳатлари туфайли шифохонага тушди

ChatGPT унга бромид истеъмол қилишни буюрган. Оқибатда эркак паранойя ва галлюцинация ташхиси билан руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Фото: Depositphotos

Америкалик эркак ChatGPT маслаҳатига кўра, уч ой давомида туз ўрнига бромид истеъмол қилгандан сўнг, мажбурий даволаниш учун руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилди.

Бу заҳарланиш ва психоз ривожланишига олиб келди, дейилади Америка шифокорлар коллежи ва Америка кардиология ассоциацияси шифокорларининг Annals of Internal Medicine журналида чоп этилган мақоласида.

Бемор шифохонага паранойя ва галлюцинация ташхиси билан ётқизилган. У қўшниси ўзини заҳарлаган деб гумон қилган. Шифокорлар унинг танасида бромиднинг юқори миқдори борлигини аниқлаб, психиатрия бўлимига ётқизган.

Эркакнинг сўзларига кўра, у туз истеъмолини камайтирмоқчи бўлган ва ChatGPT тавсияларига таяниб, уни онлайн сотиб олинган бромидга алмаштирган. Текширув шуни кўрсатдики, сунъий интеллект ҳақиқатан ҳам бундай маслаҳатни соғлиққа хавф борлиги ҳақида огоҳлантирмасдан бериши мумкин.

Уч ҳафталик даволанишдан сўнг бемор шифохонадан уйига жавоб берилган.

Вашингтон университети шифокорлари бромид илгари тиббиётда қўлланилганини, бироқ узоқ вақт қўлланилганда заҳарли бўлгани учун ундан воз кечилганини эслатди. Ҳозир у фақат айрим ветеринария препаратлари ва қўшимчаларида учрайди.

ChatGPT сўнгги пайтларда баъзи фойдаланувчиларга ақлдан оздирадиган ёлғон ва бемаъни маслаҳатларни беришни бошлади, деб хабар берди аввалроқ The Wall Street Journal (WSJ). Сунъий интеллект ўзга сайёраликлар билан алоқалар ва келажакдаги апокалипсис ҳақида эълон қилди. Шифокорлар буни «сунъий интеллект психози» деб атамоқда, бунда сунъий интеллект фойдаланувчиларнинг нотўғри тушунчалари ва иллюзияларини кучайтиради. Баъзи одамлар чат-ботнинг маслаҳатлари билан катта пул сарфлайди ёки яқинлари билан муносабатларини узади. OpenAI муаммони тан олди ва нейрон тармоқларга муҳим шахсий масалалар бўйича маслаҳат беришни тақиқлашга ваъда берди.

Мавзуга оид