Жамият | 15:01
15779
4 дақиқада ўқилади

Кўрган зараримизни ким қоплайди? – Уч қаҳрамондаги талафотдан репортаж

11 август куни тунги соат 02:22 лар атрофида Тошкент туманида жойлашган Уч қаҳрамон савдо мажмуасида ёнғин келиб чиқди. Ёнғин салкам 3 соат давом этган. Савдогарларнинг маълум қилишича, асосан кийим-кечак ва мактаб ўқув қуроллари ёниб кулга айланган. Kun.uz мухбири бозорга бориб, тадбиркорлар билан суҳбатлашди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Kun.uz ўрганишларига кўра, ушбу ёнғин кўплаб тадбиркорларга катта молиявий зарар олиб келган. Айниқса, давлатдан кредит олган ёки бировдан қарз кўтарганлар чорасиз қолган.

“Дўконим ёниб кетди, яхши инсонларнинг ёрдами билан озгина кийим-кечакни чиқариб олдим, 10 фоиз одам чиқариб қолди холос. Ёнғин нимадан чиққанини биз билмаймиз. Лекин ҳали светдан, ҳали ундан, ҳали бундан дейишяпти. Бозоримизда доим свет ўчади. Бозор маъмурияти умуман эътибор қилмайди бу нарсага. Ҳамма нарсани ўзимиз қиламиз. Оддий кун бўладими, бошқа кун бўладими, ярим тараф ўчади, ярим тараф ёнади. Мана шунақа 50 фоиз ўчириб, 50 фоиз ёқиб ишлатишар эди. Биз битта нарсани ўйлаяпмиз: ёнғин бошланган, нима учун бозор маъмуриятининг камералари ёниқ бўлмаган? Нимага ҳеч кимга батафсил маълумот беришмаган? Ҳеч ким билмаган. Қаердан, нимадан келганини бизга барибир тушунтириб беришлари керак. Ҳозир ҳеч ким ҳеч нарса демаяпти. Шунча аҳолига ким ёрдам беради? Ҳамманинг бўйнида кредити бор. Реалга мол олиб ишлайди. Менинг ўзимнинг бўйнимда 300 миллион сўм кредитим бор”, дейди савдогарлардан бири.

Биз бошқаларга нисбатан оғирроқ аҳволда қолган аёл билан суҳбатда бўлдик. У уйига кетиш учун 5 000 сўм ҳам пули қолмаганини айтди.

“Хўжайиним вафот этган. Емай-ичмай, боламни бирор жойга ўқитмасдан, шу ерга товар қилганман. Ижарада тураман. Битта болам бор, сарсон. 200 миллионга яқин молим бор эди. 3 йилдан бери еганимнинг тайини йўқ. Давлатдан кредитим бор, одамлардан қарзларим бор. Энди тўлаб берадиган одамим йўқ…” дейди аёл.

Яна бир тадбиркор бу бозорда 2009 йилдан бери талафот бўлмаганини маълум қилди.

 

 

“Энди бошимизга келган талафот-ку, майли. Ҳаммага сабр берсин. Мен энди янги иш бошлагандим. Эркаклар кийимини сотиб, уларни бошқа дўконга бериб, ўзим янги аёллар кийимини сотишни бошлагандим. Энди тахминан 10 000 доллардан ошиқ молим бор эди. Шунинг ҳаммаси мана, кул бўлибди. Ўзи 2009 йилдан бери савдо қилардим. Унақа талафотлар бўлмаган эди. Электр узилишлари бўлганда генератор ёқардик. У ерда 3-4 та идишда бензин ҳам турарди, шулар ҳам оловнинг тез тарқалишига сабаб бўлдими дейман-да. Бозор раҳбарияти ҳали ҳеч нарса дейишмаяпти. Ўша пайт келишгани ҳам йўқ, мен ҳайрон қолдим. Биз келган пайтимизда улар йўқ эди”, дейди жабрланувчи.

Кun.uzʼга 400-500 млн сўм кредит олиб, унга кийим-кечак сотиб олган тадбиркор ҳам хонавайрон бўлганини билдирди.

“Ҳозир дўконимизни кўриб чиқдик, умуман ҳеч нарса қолмаган. Бу ерда тадбиркорларнинг кўпи банклардан кредит олиб, бор-у йўғини мана шу ерга тиккан. Тепадаги масъуллар шунга қараб бирор ечим қилиб берса, яхши бўларди. Ёнғин сабабидан ҳали хабаримиз йўқ. Лекин бу ерда ёнғин чиқадиган вазият эмас эди. Компенсация масаласи бўйича тушунтириш хати ёздик. Энди бу хатимиз қаерларгадир бориб етар”, дейди у.

Савдогарнинг сўзларига кўра, 300 дан ортиқ одамларнинг моли ёниб кетган. Айни пайтда ИИО ходимлари зарар кўрганлардан ариза олмоқда.

Мавзуга оид