Жамият | 12:13
2974
2 дақиқада ўқилади

Пора билан ушланган МИБ ходими 6 йилга қамалди

У фуқаронинг алимент қарздорлиги учун қўйилган хорижга чиқиш тақиқини ечиш эвазига пора олган.

Фото: ДХХ

ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси томонидан ўтказилган тадбирда МИБ Бекобод шаҳри давлат ижрочиси, 1989 йилда туғилган эркак жиноят устида қўлга олинган эди.

У ўз мансаб ваколатларидан фойдаланган ҳолда, фуқаронинг алимент қарздорлиги учун қўйилган хорижга чиқиш тақиқини ечиб бериш эвазига 20 миллион сўм талаб қилган. Шундан 13 миллион сўмини пора тариқасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Маълум бўлишича, давлат ижрочиси ушбу «хизмати» эвазига муқаддам 450 АҚШ доллари ва 1 млн 300 минг сўм ҳам олган.

Аниқланган ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича Бекобод туман судининг ҳукмига биноан МИБ ижрочиси Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 2-қисми «в» банди ва 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми «в» банди билан айбдор деб топилиб, 2 йил муддатга хуқуқни муҳофаза қилувчи органларда, давлат иштирокидаги ташкилотларда раҳбарлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш хуқуқидан маҳрум қилиниб, 6 йил муддатга қамалган.

Мавзуга оид