«Барча чегара пунктларида тепловизорлар ўрнатилган» — ССВ коронавирусга қарши чоралар кўрилганини маълум қилди
ЖССТ Хитойдаги вирус бўйича жиддий хавотирга асос йўқлигини маълум қилган.

Бугун, 23 январь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бугунги кунда долзарб бўлиб турган, асосан Хитойда кузатилаётган коронавирус ҳамда грипп касалликларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Маълумотларга кўра, Хитой Халқ Республикаси Ухань шаҳрида юзага келган коронавируснинг янги типи эпидемияси туфайли 23 январь куни тонгидаги маълумотларга кўра, 600га яқин кишида 2019-nCoV коронавируси юқиш ҳолати аниқланган ва 17 киши вафот этган. Шунингдек, касаллик Таиланд, Япония ва Жанубий Корея каби давлатларда аниқланган.
Хитойда коронавирус бўйича эпидемик вазият мураккаблашиши сабабли «Uzbekistan Airports» АЖ ҳамда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Тиббий-санитария хизмати томонидан давлат чегарасини, айниқса, Хитойни кесиб ўтган шахсларнинг юқори сифатли тиббий мониторингини амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.
Вирусология илмий текшириш институтида коронавирусга гумон қилинган беморларни қабул қилиш учун махсус бокс тайёрлаб қўйилган. Республикадаги аэропорт ва темир йўл вокзаллари санитария карантин пунктларида ушбу касалликка гумон қилинган бемор аниқланса, уни дарҳол изоляторга изоляция қилиш, коронавирусга лаборатор таҳлилини ўтказиш учун намуна олиш тартиби белгилаб қўйилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаевнинг маълум қилишича, 23 январь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан бугун махсус хабарнома олинган. Хабарномада Хитойда кузатилаётган коронавируснинг дунё бўйлаб тарқалиб кетиш хавфи камлиги, жиддий хавотирга ҳожат йўқлиги билдирилган.
ССВ ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов Ўзбекистонга вирус кириб келишининг олдини олиш учун кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берди:
Бу касаллик асосан Хитой Халқ Республикаси Ухань шаҳрида кузатилмоқда ва бошқа давлатларга тарқалмоқда. Ўзбекистонга кириб келишининг олдини олиш мақсадида ҳар бир чегара пунктлари, хусусан 11та аэропорт тепловизорлар билан жиҳозлаб чиқилди, ходимлар махсус тайёргарликдан ўтказилди.
Хитой билан Ўзбекистон ўртасида ҳафтасига 11та авиарейс бор, булар алоҳида назоратда. 37та божхона постларига керакли кўрсатмалар берилган. Ҳар бир юқумли касалликлар шифохонасида 5тадан қўшимча ўринлар тайёрлаб қўйилди.
Бир нарсани билиб олишимиз лозим – бу касалликни грипп билан адаштирмаслик керак. Бу коронавирус ҳайвонлар орқали юқади ва бундан ҳимояловчи вакцина дунё бўйича ҳозирча мавжуд эмас. Энди бунинг устида иш олиб борилмоқда.
Биз нафақат Хитой йўналиши бўйича, балки республикамизга кириб келишнинг барча йўналишлари бўйича эпидемиологик назорат ўрнатганмиз. Барча чегара пунктлари керакли жиҳозлар, жумладан тепловизорлар билан таъминланган.
Тадбирда бу касалликда инсон айнан қандай асоратлар туфайли вафот этиши ҳақида ҳам сўралди.
«Бу вирус янги эмас, аслида 2002 йилда аниқланган. Бу коронавирусга чалинган инсон асосан оғир пневмония асоратидан вафот этади», дея жавоб берди Вирусология илмий тадқиқот институти директори Эркин Мусабоев.
Мавзуга оид

00:30 / 09.06.2025
Хитойда глобал пандемияга олиб келиши мумкин бўлган янги коронавирус аниқланди

11:25 / 30.05.2025
ССВ: Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор

17:25 / 29.05.2025
Осиёда COVID яна кенг тарқалди, ҳукуматлар ниқоб тақишга чорламоқда

23:21 / 15.05.2025