Бошқирдистонда 50дан ортиқ ўзбекистонлик ишчи вирусга чалинди
Россия ҳудудида янги коронавируснинг навбатдаги ўчоғи Бошқирдистон ҳудудида, Салавот туманининг Малояз қишлоғидаги «Сказка» меҳмонхонаси бўлди.

Фото: Олег Харсеев / Коммерсантъ
«Коммерсантъ» нашри хабар беришича, сўнгги ҳафтада бу ерда 53та янги зарарланиш ҳолати қайд этилган, уларнинг барчаси Ўзбекистондан келган меҳнат муҳожирларидир. Маълум бўлишича, «Сказка» меҳмонхонасига жойлашган ўзбекистонлик 68 нафар ишчи Челябинск области билан чегара ҳудудида жойлашган «Горний» иссиқхона комплексида ишлаш учун келишган.
Бошқирдистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, вирусдан зарарланганларнинг аксари касалликни енгил формада ўтказишмоқда, фақат саккиз киши шифохонага жойлаштирилган. Роспотребнадзорнинг Бошқирдистондаги бошқармаси эпидемиологик текширув бошлаган. Тахмин қилинишича, ишчилар маҳаллий сотувчидан вирус юқтирган бўлиши мумкин.
«Горний» иссиқхонаси – Челябинскдаги «Чурилово» агрохолдинги таркибига кирувчи Уралдаги энг йирик иссиқхона комплекси ҳисобланади. Ўзбекистонлик мигрантлар бу ерга февралда келишган. Улар Москвадаги «Стандарт плюс» компанияси томонидан «Сказка» меҳмонхонасига жойлаштирган. Меҳмонхона ҳам Челябинск области чегараси яқинида жойлашган.
Вирусдан зарарланганларнинг беш нафари Месягутовода, уч нафари эса Кигинскда шифохонага ётқизилган. Қолган беморларда касаллик енгил ўтмоқда ва улар меҳмонхонада қолган. Меҳмонхона ўзи карантинга олинган.
Меҳнат муҳожирларида касаллик белгилари 10 май куни пайдо бўла бошлаган. 11 май куни Роспотребнадзор барча ишчиларни текширишга кўрсатма берган. 12 май куни иссиқхона ходимлари изоляцияга юборилган: шу куннинг ўзида икки кишида вирус аниқланган. Меҳмонхона карантинга олиниб, полиция пости ўрнатилган. 15 май куни Челябинск областига поездда бориб қайтган яна икки ишчида коронавирус аниқланган.
Айни вақтда меҳмонхонада 60 киши изоляцияга олинган. Касаллар билан алоқада бўлган 28 нафар бошқирдистонлик ўз ўзини иҳоталашга юборилган. Улар орасида меҳмонхона яқинида жойлашган дўконнинг 6 нафар ходими ҳам бор. Ҳозирда беморлар билан алоқада бўлган уч кишида коронавирус тасдиқланган, жумладан, дўкон сотувчисида ҳам.
Шу вақтгача Бошқирдистонда вируснинг асосий ўчоғи шифохоналар эди.
Роспотребнадзорнинг ҳудудий бошқармаси Малояздаги ҳолатлар бўйича эпидемиологик суриштирув олиб бормоқда. Версиялардан бирига кўра, мигрантлар меҳмонхона рўпарасидаги дўкон сотувчисидан вирус юқтирган бўлиши мумкин.
«Унда касаллик симптомларсиз ривожланган. Иккинчи версияга кўра, ишчилар меҳнат патенти олиш учун текширувдан ўтиш учун Челябинск области миграция хизматига борганида вирус юқтирган бўлиши мумкин», дейилади хабарда.
«Горний» иссиқхона комплексида 550 киши ишлайди. «Агропарк Урал» компанияси раҳбари Евгений Батуриннинг сўзларига кўра, компания ўзбекистонлик муҳожирлар билан 2020 йил охирига қадар шартнома имзолаган. У фақат қилинган иш учун тўлов қилиш вариантини кўриб чиқмоқда.
Мавзуга оид

15:10 / 28.04.2025
Ўзбекистонда Бошқирдистон компанияларини жойлаштириш учун қўшма технопарк ташкил этилади

23:26 / 06.11.2024
Бошқирдистонда кўмир ортилган 22 та вагон релсдан чиқиб кетди

23:36 / 25.05.2024
Бошқирдистон ва Ўзбекистон 95 банддан иборат ҳамкорлик йўл харитасини имзолади

16:03 / 18.01.2024