«Титан» батискафини қидириш ҳал қилувчи босқичда: аппаратни топишмади, кислород захираси эса деярли тугаган
Қутқарувчилар Шимолий Атлантикада ғойиб бўлган «Титан» батискафини қидириш жараёни ҳал қилувчи босқичга киргани ҳақида огоҳлантиришмоқда. Уларнинг баҳоларига кўра, сувости аппаратида қолган кислород захираси кўпи билан бир неча соатга етади.

Фото: PA MEDIA
Пайшанба куни тонгда АҚШ соҳил қўриқлаш хизмати қутқарув амалиётини кенгайтириб, унга яна 10 та кема ва бир неча сувости қайиқларини қўшди. Қидирув ишларида Канада қутқарув хизматлари ҳам иштирок этмоқда.
«Титан»ни шўнғиш жойига элтган Polar Prince тадқиқот кемаси у билан алоқани якшанба куни тонгда - аппарат сувга тушиб, «Титаник» қолдиқлари томон шўнғишни бошлаганидан бир соат-у 45 дақиқа ўтганида йўқотган.
Қидирув амалиётини бошқараётганларнинг айтишича, муваффақиятга эришишдан умид узишмаган, аммо «Титан»ни аниқлаш бўйича ҳамон ҳеч қандай илгарилаш кузатилмаган.
Аввалроқ эхолотлар (денгиз чуқурлигини электр акустик усул билан ўлчовчи асбоб) сув остидаги шовқинлар келаётган бир қанча нуқталарни қайд этишган, аммо улардан бирортасидан батискаф топилмаганди.
Олимларнинг сўзларига кўра, океан табиий товушлар билан тўла ва бу эхолотлар фаолияти самарадорлигини пасайтиради.
Сўнгги икки кунда қутқарувчилар сув тубини сканерловчи камералар билан жиҳозланган бошқарувчисиз сувости аппаратларига умид қилганди.
Сув остини тадқиқ қилувчи Дэвид Галлонинг сўзларига кўра, бу босқичда «Титан» экипажини фақат мўъжиза туфайли қутқариш мумкин. Унинг изоҳлашича, яқин вақтлар ичида аппаратни топишса ҳам, унга етиб бориш ва юқорига кўтариш бир неча соат вақт олади.
Батискафдаги одамлар
Батискаф бортида беш киши бор эди: британиялик 58 ёшли бизнесмен ва тадқиқотчи Ҳэмиш Ҳардинг, покистонлик 48 ёшли бизнесмен Шаҳзода Довуд ва унинг 19 ёшли ўғли Сулаймон, «Титаник»ка экспедициялар уюштириш билан шуғулланувчи OceanGate компанияси директори, 61 ёшли Стоктон Раш, шунингдек, франциялик тадқиқотчи, 77 ёшли Пол-Анри Наржоле.
Улардан икки нафари - Пол-Анри Наржоле ва Ҳэмиш Ҳардинг - илмий тадқиқотларга бағишланган, бир асрлик тарихга эга бўлган Тадқиқотчилар клуби аъзолари ҳисобланади.
Клуб президенти Ричард Гэрриот ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилган постида унинг аъзоларига қўллаб-қувватлов ва «Титан» экипажини қутқариш бўйича олиб борилаётган ишлар учун миннатдорчилик билдирган.
Айрим маълумотларга кўра, Тадқиқотчилар клуби қутқарув амалиётига максимал даражада кемалар ва техникалар жалб этилиши учун молиявий ёрдам кўрсатган.
Аппарат ичидаги таҳдидлар

U.S. Coast Guard / Cover Images / Scanpix / LETA
Кислород захираси тезлик билан тугаётгани - экипаж ҳаёти учун ягона таҳдид эмас.
Агар аппаратда энергия таъминоти тизими ишдан чиққан бўлса, у билан бирга капсула ичидаги карбонат ангидрид даражаси устидан назорат ҳам йўқолади.
«Карбонат ангидрид миқдори ошгани сайин, у тинчлантирувчи таъсирга эга бўлиб, анестезия газига ўхшаб боради ва сиз ухлаб қоласиз», - дейди BBC учун берган изоҳида Нюфаундленддаги Сент-Жонс университетининг гипербарик тиббиёт бўйича эксперти, доктор Кен Ледес.
Карбонат ангидрид билан заҳарланиш тиббиётда гиперкапния деб аталади ва агар вақтида аралашув бўлмаса, ўлимга олиб келади.
Британия қироллик денгиз флотининг собиқ сувости кемаси капитани Райан Рамзи BBC билан суҳбатда айтишича, у мавжуд видеороликлар орқали «Титан»нинг ички қисмидаги деталларни синчиклаб ўрганган ва унда скрубберларни - атроф-муҳитни зарарли газлардан тозалаш қурилмаларини учратмаган.
«Менимча, бу энг жиддий муаммо», - деб ҳисоблайди Рамзи.
Бундан ташқари, экспертларнинг айтишича, экипаж қаттиқ совқотиб қолиш хавфи остида бўлади, бу эса кислород етишмовчилиги ва гиперкапния туфайли организмдаги жараёнларни фақат тезлаштиради.
«Агар улар ҳушдан кетса, улар ўзига ёрдам бериш учун кўп имкониятга эга бўлишмайди», - дейди доктор Кен Ледес экипаж аппаратни ичкаридан тақиллатиб, қутқарувчиларга уларни топишда ёрдам бериши мумкин бўлганини назарда тутган ҳолда.
Мавзуга оид

23:28 / 25.03.2025
“Титаник”дан “Курск”кача – энг йирик кема ҳалокатлари

19:53 / 26.11.2024
NASA Сатурн йўлдошига ўз миссиясини учиради

00:43 / 13.09.2024
Аляскада круиз кемаси улкан муз бўлаги билан тўқнашиб кетди

12:00 / 16.06.2024