Ўзбекистон | 09:33 / 20.07.2024
2371
2 дақиқада ўқилади

Малайзия Ўзбекистонда муҳандис мутахассислар тайёрланадиган қўшма таълим дастурини очади

Малайзия институти Самарқанд вилоятида тиббий электрон ускуналарни таъмирлаш бўйича мутахассислар тайёрлайдиган қўшма таълим дастурини очишга тайёр.

Фото: Дунё

Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Куала-Лумпур университети таркибига кирувчи Британия–Малайзия институти (Universiti Kuala Lumpur British Malaysia Institute – UniKL BMI) раҳбарияти билан учрашув ўтказди.

"Дунё" хабарига кўра, учрашув чоғида UniKL BMI институтининг Тиббий муҳандислик технологиялари бўлими бошлиғи доктор Муҳаммад Зубр институт фаолияти билан яқиндан таништирди.

Малайзия томонининг таъкидлашича, UniKL BMI институти электротехника, электроника, телекоммуникация ва тиббиёт электроникаси соҳаларида ҳар йили 400 дан ортиқ мутахассисларни тайёрлайди. Талабалар учун таълим жараёни бевосита амалиёт билан бирга олиб борилишига алоҳида урғу берилди. 2023 йилда мазкур ўқув даргоҳини тамомлаган талабаларнинг 97 фоизи иш билан таъминланган.

UniKL BMI институти билан Самарқанд вилояти Тиббиёт техникуми негизида тиббий ускуна ва жиҳозларни таъмирлаш бўйича муҳандис мутахассислар тайёрлайдиган қўшма таълим дастурини очишга келишиб олинди.

Шунингдек, томонлар келажакда ушбу қўшма таълим дастурида таҳсил оладиган талабалар Малайзиянинг "Al Global Corporation Sdn Bhd" ва Самарқанд вилоятининг Neyro Med Diagnostik Centre МЧЖ ўртасида тиббий ускуна ва жиҳозларни таъмирлаш бўйича ташкил этилаётган қўшма корхонада амалиёт ўташ тажрибасини йўлга қўйиш мумкинлиги тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватладилар.

Куала-Лумпур университети 2002 йилда MARA (Majlis Amanah Rakyat) давлат муассасаси томонидан ташкил этилган бўлиб, Малайзияда муҳандислик технологияси соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган етакчи олий ўқув юрти ҳисобланади. Университетнинг 13 та турли йўналишдаги институтларида 24 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда.

Мавзуга оид