Ўзбекистон | 18:33 / 02.10.2024
6226
3 дақиқада ўқилади

Наманганда қадимий ерости йўлаклари, иситиш тизими ва сопол қувурлар топилди 

Ноёб топилмалар археологлар Ахсикент қўрғонида қазиш ишлари олиб бораётганда чиққан. Тез орада ёдгорлик ва ундаги сўнгги топилмалар ҳақида National Geographic ҳужжатли филм суратга олиши айтилмоқда. 

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Наманган вилоятида жойлашган Ахсикент қўрғонидан ноёб қурилмалар топилган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда

Маълум қилинишича, археологлар траншея қазиш жараёнида кенглиги 2,3 метрлик зинапояга, сўнг ер туби томон 4 метр қазилганда сирли йўлакнинг бус-бутун аркаларига дуч келган. 

Бу ердан 10 минг кубометр тупроқ чиқарилгач, йўлакнинг 12 поғонаси очилган. Айнан шу нуқтадан 7 метр шарқда қадимшунослар яна иккита ноёб ерости йўлларига дуч келган. Тахминларга кўра, ҳар икки аркасимон йўлак, дастлабки топилган катта йўлга боғланади. 

Топилган барча йўлаклар бутун, аркасимон ҳолда, метро услубида нафислик билан пишиқ ғиштдан бунёд этилган. 

Ҳозирда италянча дея таърифланган раковина, ерости, пол ости иситиш тизими, нафис сопол қувурлари билан бутун ҳолатда топилган қўл ювиш воситалари ҳам айнан шу объектдан 2024 йилги қазувлар жараёнида топилган. 

- Бу объектнинг устини октябр ойида узил-кесил ёпишимиз керак. Агар қурувчилар бунга улгурмаса, яна тупроқ ташлаб консервация қилишимизга тўғри келади. Объект ўта ноёб, - дейди Ахсикент экспедицияси раҳбари, профессор Абдулҳамид Анорбоев. 

Таъкидланишича, ҳозирда Ахсикент қўрғонида музейлаштирилаётган қисмлар қуйидагилардан иборат: 

1. XVIII қазув объекти – 10-12-асрларда фаолият юритган ерости сув иншоотининг кузатув пункти, биринчи шаҳристоннинг 13-аср бошларига оид Хоразмшоҳлар даврида қурилган мудофаа девори ва турар жой қолдиқлари 

2. XI қазув объекти – 11-12-асрларга оид пишиқ ғиштдан қурилган гумбазли тагхона ва маҳобатли турар жой қолдиқлари, Фарғона водийсида илк бор топилган Қорахонийлар даври деворий расм намуналари ҳамда юқорида қайд этилган ерости иншоотлари ва нодир қурилмалар мавжуд 

3. XIX қазув объекти – шаҳарнинг эрамиздан аввалги 3-1-асрларида қурилган маҳобатли мудофаа деворлари ва ерости сув йўли 

4. XXIV қазув объекти – 11-12-асрларга оид маҳобатли турар жой қолдиқлари аниқланган. 

Қайд этилишича, тез орада 100 гектарга яқин қисми бутун сақланган ёдгорлик ва ундаги сўнгги топилмалар ҳақида National Geographic ҳужжатли филм суратга олади.

Мавзуга оид