Наманган вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
Акрамжон Абдуҳамидов Наманган вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Зуҳриддин Баҳриддинов эгаллади.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги
Зуҳриддин Баҳриддин ўғли Баҳриддинов Наманган вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.
Зуҳриддин Баҳриддинов 1985 йилда Тўрақўрғон туманида туғилган. Маълумоти олий. Мутахассислиги – молия, давлат молиясини бошқариш. 2006 йилда Андижон муҳандислик иқтисодиёт институти, 2008 йилда Тошкент Давлат иқтисодиёт университетини, 2020 йилда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 2007 йили Халқ таълими вазирлиги молиялаштириш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси мутахассислигидан бошлаган. 2008–2020 йилларда Наманган вилояти молия бошқармасида турли вазифаларда фаолият кўрсатган. 2020–2024 йилларда Наманган вилояти ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.
Тайинловга қадар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ҳудудларни комплекс иқтисодий ривожлантириш департаменти директори бўлиб ишлаб келаётганди.
У янги лавозимида 2023 йил майидан буён ишлаб келган Акрамжон Абдуҳамидов ўрнини эгаллади.