Ўзбекистон | 13:31 / 16.04.2025
5527
3 дақиқада ўқилади

Олтин қуймалар нархи янги тарихий максимумни қайд этди – 1 грамм нархи 1,4 млн сўм

16 апрел куни Ўзбекистондаги тижорат банкларида олтин қуймаларининг нархи янги тарихий максимал даражага етди. Жаҳон бозорида олтин нархлари кескин ошиши фонида Ўзбекистон банкларида олтин қуймалари 1 грамм учун 1 413 030 сўмга баҳоланяпти.

Фото: Марказий банк

Марказий банк хабарига кўра, 16 апрел ҳолатига олтин қуймаларининг бир грамми 1 миллион 413 минг 30 сўмни ташкил этяпти . Бу кечаги кунга нисбатан 2 фоизга ва аввалги рекорддан 1,65 фоизга қиммат. 5 граммлик олтин қуймалари 7,065 миллион сўмдан сотилмоқда.

16 апрел ҳолатига кўра, олтин қуймалари нархлари қуйидагича:

  • 5 граммли олтин қуйма — 7 миллион 65 минг сўм;
  • 10 граммли олтин қуйма — 14 миллион 130 минг сўм;
  • 20 граммли олтин қуйма — 28 миллион 261 минг сўм;
  • 50 граммли олтин қуйма — 70 миллион 651 минг сўм;
  • 100 граммли олтин қуйма — 140 миллион 303 минг сўм.

Spot нашрига кўра, йил бошига нисбатан нархлар 24,5 фоизга, йил давомида эса 41,9 фоизга ошган. Олтиннинг жаҳон нархлари ҳам кичик тузатишдан сўнг рекордларни янгиламоқда – бир троя унциясининг нархи 3275 доллардан ошди (бир грамм учун 105 доллар).

Нега олтин нархи ошиб боряпти?

АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан Хитойга нисбатан янги тарифлар жорий этилиши ва Хитойнинг жавоб чораси сифатида АҚШ маҳсулотларига божлар қўйиши глобал иқтисодий ноаниқликни кучайтирди. Бу инвесторларни олтинга инвестиция киритишга йўналтирди.

АҚШ долларининг бошқа валюталарга нисбатан қадрсизланиши олтинни хорижий инвесторлар учун арзонлаштирди, бу эса олтинга талабни оширди. Марказий банклар, айниқса ривожланаётган давлатлар, ўз резервларини диверсификация қилиш мақсадида олтин харидларини оширмоқда. Бу глобал олтин нархига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Reuters таҳлилларига кўра, юқори инфляция ва иқтисодий ўсишдаги секинлашув инвесторларни олтинни хавфсиз актив сифатида кўришга ундамоқда. Шунингдек, 2025 йилнинг биринчи чорагида олтин билан боғлиқ ETF'ларга 226.5 метрик тонна олтин қўшилди, бу эса нархнинг ошишига олиб келди.

Goldman Sanchs 2025 йил охиригача олтин нархи 3700 долларга етишини прогноз қилмоқда, баъзи ҳолатларда эса 4,500 долларга чиқиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистон Марказий банки олтин ва кумушдан тайёрланган эсдалик тангаларни 2018 йилда муомалага чиқарган. 2020 йил ноябридан бошлаб эса ўзбекистонликларда жамғармаларини қуйма олтин шаклида сақлаш имконияти ҳам пайдо бўлди: Марказий банк 5, 10, 20 ва 50 граммли олтин қуймаларини тижорат банклари орқали сотувга чиқарди.

Олтин қуймалари нархлари халқаро қимматбаҳо металлар бозори конъюнктурасидан келиб чиқиб, Марказий банк томонидан кун давомида қайта кўриб чиқилади. Шунга кўра, нархлар доимий ўзгарувчан характерга эга бўлади.

100 граммли олтин қуймалар Ўзбекистонда 2025 йил 17 январдан бошлаб сотувга чиқарилган.

Мавзуга оид