6,5 млрд долларлик олтин сотуви, кескин ошиб бораётган газ экспорти – Ўзбекистон ташқи савдоси шарҳи
2025 йилнинг 5 ойида Ўзбекистон 288 млн долларлик газ экспорт қилиб, 285 млн долларлик импортни амалга оширди. Газ сотиш 62 фоизга ошган бўлса, сотиб олиш 2,3 баробарга камайган. Ҳисобот даврида 6,5 млрд долларлик олтин сотилди. Бу умумий экспортнинг қарийб 44 фоизини ташкил этади.

2025 йил январ-май ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 31,3 млрд долларни ташкил этди. Бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 4 млрд 93 млн долларга ёки 15 фоизга кўп.
Бунда экспорт ҳажми 14,82 млрд доллар (+31,1 фоиз), импорт ҳажми эса 16,49 млрд доллар (+3,7 фоиз) бўлган. Ташқи савдо салбий салдоси эса 1 млрд 677 млн долларгача қисқарган.
Ҳисобот даврида ташқи савдо айланмасининг салмоқли қисми Хитой (17,2 фоиз), Россия (15,4) Қозоғистон (5,7 фоиз), Туркия (3,5 фоиз) ва Жанубий Корея (2,3 фоиз) билан қайд этилган.
Дастлабки 5 ойликда йирик ҳамкор давлатлардан Туркия, Жанубий Корея, АҚШ, Туркманистон, Италия ва Литва билан савдо айланмаси миқдори қисқарган. Хитой, Афғонистон, Франция, Германия, Ҳиндистон, БАА каби давлатлар билан эса умумий савдо ҳажми сезиларли миқдорда ошган.
Экспорт
Ҳисобот даврида 6 млрд 492 млн долларлик (+54,8 фоиз) олтин сотилган. Бу умумий экспортнинг 43,8 фоизини ташкил этади. Шунингдек, экспорт таркибида саноат товарлари (10,1 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (6,2 фоиз), кимёвий воситалар (5,3 фоиз), минерал ёқилғилар (4 фоиз) ва турли хил тайёр буюмлар (3,6 фоиз) ҳам сезиларли улушга эга бўлган.
Ташқи савдо айланмасида товарлар ва хизматлар экспорти бўйича асосий ҳамкорлар Россия (10,8 фоиз), ХХР (5,1 фоиз), Афғонистон (3,5 фоиз), Қозоғистон (3,5 фоиз), Туркия (2,9 фоиз), Франция (2,7 фоиз), БАА (1,5 фоиз), Тожикистон (1,4 фоиз), Қирғиз Республикаси (1,4 фоиз) ва Покистон (1,1 фоиз) каби давлатлар бўлган. Уларнинг умумий экспортдаги улуши 33,8 фоизни ташкил этади.
Январ-май ойларида 288 млн долларлик газ сотилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 62,7 фоизга кўп. Бундан ташқари, 212 млн долларлик нефт ва нефт маҳсулотлари (-6,2 фоиз), 95 млн долларлик электр токи (+72,6 фоиз) экспорти ҳам амалга оширилган.
Ҳисобот даврида қарийб 102 млн долларлик автомобил ва унинг эҳтиёт қисмлари сотилган. Бу 2024 йилга нисбатан 26,9 фоизга кам.
Импорт
Импорт таркибида энг катта улуш машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (33,6 фоиз), саноат товарлари (16,1 фоиз) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (12,9 фоиз) ҳисобига тўғри келган. Умумий импортнинг 2/3 қисми 7 та давлатдан амалга оширилган:
- Хитой – 28,1 фоиз;
- Россия – 19,6 фоиз;
- Қозоғистон – 7,7 фоиз;
- Жанубий Корея – 4,2 фоиз;
- Туркия – 4,1 фоиз;
- Германия – 3,1 фоиз;
- Ҳиндистон – 2,7 фоиз.
Газ импорти кескин қисқарган. Ҳисобот даврида 285 млн долларлик газ сотиб олинган, бу ўтган йилги кўрсаткичнинг 44 фоизини ташкил этади. Шунингдек, автомобил олиб кириш ҳам сезиларли даражада қисқариб кетган. Жумладан, январ-май ойлари давомида 1 млрд 245 млн долларлик (-14,8 фоиз) машина импорт қилинган. Ўз навбатида, автомобилларнинг қисмлари ва анжомлари импорти 31 фоизга ошиб, 671 млн долларга етган.
Мавзуга оид

09:23 / 24.06.2025
Шавкат Мирзиёев экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқ берди

12:00 / 23.06.2025
Аэропортда танасига 250 грамм қуйма олтинни яшириб олиб ўтаётган шахс ушланди

14:11 / 14.06.2025
ЕИдаги СТГ терминалларига россиялик мижозларга хизмат кўрсатиш тақиқланади

15:55 / 12.06.2025