Перу собиқ президенти пул ювишда айбланиб 15 йилга қамалди
Олянта Умала ва унинг рафиқаси Надин Эредиа 2006 ва 2011 йиллардаги сайлов кампаниялари давомида ноқонуний хайрия сифатида тахминан 3 миллион доллар олгани аниқланди.

Фото: Getty images
Перунинг собиқ президенти Олянта Умала пул ювишда айбланиб, 15 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Перу матбуоти хабарларига кўра, Миллий Олий суди Умала ва унинг рафиқаси Надин Эредиа 2006 ва 2011 йиллардаги сайлов кампаниялари давомида Бразилиянинг Odebrecht қурилиш компанияси ва Венесуэла ҳукуматидан ноқонуний хайрия сифатида тахминан 3 миллион доллар олганини аниқлади.
Суднинг «ҳукмни зудлик билан вақтинча ижро этиш» тўғрисидаги қароридан сўнг, суд мажлисида иштирок этган Умала полиция томонидан Миллий жазони ижро этиш институти (INPE) вакилларига топширилди.
Умаланинг рафиқаси Эредиа ҳам сайлов кампаниясини бошқаришда айбдор деб топилиб, 15 йилга озодликдан маҳрум этилди.
«Ушбу ҳолатда жиноий даромадларни легаллаштириш содир этилган. Ноқонуний келиб чиққан пулларни легаллаштиришга қаратилган турли ҳаракатлар ўз исботини топди», деди судья.
Суд мажлисида видеоконференция орқали иштирок этган Эредиа ҳукм эълон қилинганидан кейин Бразилиянинг Лимадаги элчихонасидан бошпана сўради.
Шунингдек, Эредианинг укаси Илан Эредиа ҳам худди шу иш бўйича 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Хабар қилинишича, Умала бошқа собиқ президентлар қатори Лимадаги «Барбадильо» қамоқхонасида жазони ўтайди.
Бу ҳукм билан Олянта Умала Odebrecht можароси бўйича судланган Перунинг учинчи президенти бўлди. Аввалроқ собиқ президентлар Алехандро Толедо ва Алберто Фухимори ҳам шу каби коррупция жиноятлари учун қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
2016 йилда Бразилиянинг қурилиш гиганти Odebrecht Лотин Америкаси бўйлаб кўплаб амалдорларга пора берганини тан олди, бу эса Перуда кўплаб юқори мартабали амалдорларга қарши суд жараёнларига сабаб бўлди.
Мавзуга оид

17:44 / 22.04.2025
Хитойда коррупцияга қарши курашишга масъул амалдор пора олишда айбланмоқда

17:03 / 22.04.2025
Ўзбекистонда тўй қилиш тартиби янгиланади

21:23 / 21.04.2025
Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларини ташкил этишнинг минимал мезонлари тасдиқланди

18:25 / 10.04.2025