Жаҳон | 23:09 / 17.04.2025
12666
4 дақиқада ўқилади

Россия босқинни фаоллаштирди, Трамп жамоасида қутбланиш – таҳлилчилар нима дейди?

Украина томони Россия баҳорги-ёзги ҳужум кампаниясини бошлаганини айтмоқда. Суми ва Ҳаркив йўналишларида айниқса фаоллик ошган. Хўш, урушнинг ҳозирги босқичида Россия олдига қўйган мақсадлар нима? Ғарбдаги иттифоқчиларда нима гаплар? Трампнинг савдо уруши Украина фронтига қандай таъсир қилади?

Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури навбатдаги сонида сиёсий таҳлилчилар Фарҳод Толипов, Шуҳрат Расул, Хайрулла Умаров ва Абдували Сойибназаров Россия–Украина урушининг ҳозирги палласи ҳақидаги саволларга жавоб беришди.

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирскийнинг сўзларига кўра, Россия армиясининг Украинадаги баҳорги-ёзги ҳужум кампанияси “амалда бошланган”. Хўш, бу кампаниядан кўзланган мақсад нима? Россиянинг ресурслари кўзланган мақсадларга мосми?

Хайрулла Умаровнинг фикрича, Россиянинг жорий мақсади – Украинанинг Қора денгизга чиқишини тўсиб қўйиш. “Россия азал-азалдан Ғарбга қараб кенгайиб борган ва ҳамиша денгизларга чиқишни стратегик мақсад деб билган. Усмонли империяси билан ҳам урушларда асосий мақсад Қора денгизга чиқиш масаласи бўлган эди. Россия учун бу масала стратегик вазифа ҳисобланади ва бундан ҳеч қачон воз кечмайди”, дейди у.

Абдували Сойибназаров ҳам украинларни Қора денгизга чиқиш имконидан маҳрум қилиш РФнинг асосий мақсадларидан бири деб ҳисобламоқда. Навбатдаги нишонлар Одесса ва Николаев вилоятлари бўлиши мумкин ва буни Украина разведкаси ҳам тасдиқлаб турибди, дейди у.

“Россия имкони борича ўзининг биқинида кучли давлат бўлишини истамайди ва шунинг учун ҳозир асосий эътиборни Украинанинг жануби-шарқий ҳудудларига қаратади”, дейди Сойибназаров.

Шуҳрат Расул бу фикрларга қўшилмайди: унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Одессагача етиб боришга Россиянинг ҳарбий қудрати етишига ишониш қийин. “Ундан аввал Херсон шаҳри бор. Днепр дарёси устидан ўтувчи Антонов кўприги портлатиб юборилган. Бугун Россиянинг Одессани босиб оладиган ҳарбий қудрати ва зарур техникалари етарли эмас”, дейди у.

Шуҳрат Расулга кўра, РФнинг асосий мақсади – ёз охирида ёки кузда музокаралар бошлангунига қадар, Украинанинг имкон қадар ички ҳудудларига кириб бориш ва яққол куч позициясидан туриб музокара қилиш. Бунда, РФ ўз конституцияга киритиб қўйган тўртта вилоятнинг ҳали эгалланмаган ҳудудларидан Украинанинг чиқиб кетишини талаб қилиши, эвазига янги эгалланган бошқа вилоятлар ҳудудлари бўйича ён бериши мумкин.

Фарҳод Толипов Россиянинг жорий ҳужумларини “аниқ мақсадсиз” дея таърифлади. “Россиянинг бу йилги ҳарбий мақсадларига келсак, уларда аниқ мақсад йўқ ва улар иложи борича Украина ичкарисига кириб боришгагина ҳаракат қилади. Чунки босқин бошланганидан буён уларнинг маълум даражадаги натижаси шуни кўрсатдики, улар қандайдир стратегик мақсадни белгилаб, уни амалга ошира олмайди”, дейди Фарҳод Толипов.

Қизғин суҳбат давомида Трампнинг икки вакили ўртасидаги позициялар тўқнашуви, “Кўнгиллилар коалицияси”нинг Украинани қўллаш даражаси, АҚШ–Хитой урушининг Украина фронтига таъсири ва Россия ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкиннинг баёноти юзасидан ҳам фикрлар алмашилди.

Суҳбатни тўлиқ ҳолда YouTube'да томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид