Жаҳон | 16:53 / 17.04.2025
16157
9 дақиқада ўқилади

Курск области собиқ губернатори ҳибсга олинди

У Украина билан чегарадаги мудофаа иншоотлари қурилиши учун ажратилган бюджет маблағларини ўзлаштиришда айбланмоқда. «Аждаҳо тишлари» ёмғир ва қорга дош беролмаган.

Фото: AFP / Scanpix / LETA

Курск областининг собиқ губернатори Алексей Смирнов бюджетдан камида бир миллиард рублни ўғирлаш бўйича жиноий иш доирасида ҳибсга олинди. Полициячилар ФХХ ходимлари ҳамроҳлигида Смирновни 15 апрел куни қўлга олган, шундан сўнг у Москвага олиб кетилган. У Москва яқинидаги Красногорскдаги пентҳаусда қўлга олинди, деб ёзади «Коммерсант».

Москванинг Мешчанский район суди Смирновни ҳибсга олиш тўғрисида 16 апрелда қарор чиқарди, у икки ой муддатга, 15 июнгача ҳибсхонага жўнатилган. Ҳимоя томони Смирновнинг юрак хасталиги борлигини рўкач қилиб, уни уй қамоғига жўнатишни таклиф қилди. Айбланувчининг вакилига кўра, суд қарори устидан шикоят қилинади.

Шунингдек, Курск области губернаторининг собиқ биринчи ўринбосари Алексей Дедов ҳам қўлга олинган ва Курскдан Москвага олиб кетилган. Суд унга нисбатан ҳам қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаши кутилмоқда.

Курск областининг собиқ раҳбарига, шунингдек, унинг ўринбосарига уюшган гуруҳ таркибида хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик содир этиш айби (Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми) қўйилди, деди Россия Ички ишлар вазирлиги расмий вакили Ирина Волк. Ушбу модда билан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилади.

Тергов версиясига кўра, Смирнов ва Дедов уюшган гуруҳ иштирокчиларига раҳбарлик қилган ва «Курск областини ривожлантириш корпорацияси» раҳбарияти билан биргаликда миллиард рублдан ортиқ бюджет маблағларини ўғирлашни ташкил қилган. «Ривожланиш корпорацияси» Украина билан чегарада мудофаа иншоотларини қуришда бош пудратчи бўлиб ишлаган, ўғирланган пуллар муҳандислик иншоотларини қуришга йўналтирилган.

Смирнов ва Дедов айбига иқрор бўлмади. Собиқ губернатор кўрсатма беришдан бош тортди ва айблов матнини синчковлик билан ўрганиб чиқиш ва қарши далилларни тайёрлаш учун вақт кераклигини айтди, деб ёзади «Коммерсант».

Аввалроқ иш бўйича «Курск областини ривожлантириш корпорацияси»нинг уч раҳбари – собиқ бош директор Владимир Лукин ва унинг ўринбосарлари Игор Грабин ва Снежана Мартянова қўлга олинган эди. Ички ишлар вазирлиги бюджет маблағларини олган ва зарур қурилиш ишларини бажармаган компаниялар раҳбарлари ҳам ушланганини маълум қилди. Иш бўйича айбланувчилар ҳибсга олинган.

Тергов зирҳли техниканинг ҳаракатланишига тўсқинлик қилувчи катта бетон пирамидалар – сифатсиз «аждар тишлари» туфайли бошланди, деб ёзади РБК. Курск областида ҳимоя иншоотлари қурилишини текширишдан сўнг терговчилар бир нечта жиноий иш қўзғатган. Иш материаллари билан таниш бўлган РБК манбасининг сўзларига кўра, терговнинг эътирозлари қурилган объектлар лойиҳа ҳужжатларига мос келмагани сабабли юзага келган.

Дастлаб жиноий ишда бешта эпизод бўлган, уларнинг деярли барчаси Украина ҳужумларидан ҳимояланиш билан боғлиқ, деб ёзади «Коммерсант». Хусусан, «аждар тишлари»ни тайёрлашда етказилган зарар тахминан 156 миллион рублни ташкил этади. Конструкцияларни ишлаб чиқаришда М500 маркали бетон ўрнига М200 маркали бетон ишлатилган. Нашрнинг изоҳлашича, биринчиси саноат ишлаб чиқариши учун, иккинчиси эса маиший мақсадларда қўлланади. Шу сабабли, «аждар тишлари» ёмғир ва қор ёққанида бузилиб кетган ва Украина армиясининг Курск областига ҳужуми пайтида Украина қуролли кучларининг зирҳли техникаси ҳаракатига тўсқинлик қила олмаган. Тергов, шунингдек, Курск области расмийлари қурилиш компаниялари ва етказиб берувчиларга ортиқча пул тўлаган бир нечта эпизодларни аниқлади.

Собиқ губернатор ва унинг ўринбосарига қарши «Курск областини ривожлантириш корпорацияси» топ-менежерлари кўрсатма берди, деб хабар қилади «Коммерсант»нинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси. Ташкилотнинг собиқ бош директори, мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланган (Жиноят кодексининг 285-моддаси 3-қисми) Владимир Лукин ва бошқа баъзи шахслар истеҳком иншоотларини қуриш учун ажратилган маблағларни ўғирлашни Алексей Смирнов ва Алексей Дедов ташкил этганини айтишган.

«Коммерсант» манбасига кўра, Смирнов ва Дедов қурилишга фақат улар билан шартнома тузиш учун камида 15 фоизлик тўловни (откат) тўлашга рози бўлган пудратчиларни жалб этган.

Журналистлар фикрича, ишнинг дастлабки иштирокчилари жиноий уюшма ташкил этиш бўйича (20 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси назарда тутилган) янги айбловлар қўйилмаслиги учун, судгача бўлган келишувларни тузишга ва ўғирлик ташкилотчилари ҳақида гапиришга рози бўлишган.

Алексей Смирновга нисбатан оператив тадбирлар «унинг фирибгарлик схемасига алоқадорлиги ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлганидан кейин бир неча ой давом этди», дейди ТАСС манбаси.

Етказилган зарар миқдори миллиард рублдан анча кўп бўлиши мумкин. Бу бошланғич сумма, тергов корпорациянинг пудратчилари билан бошқа келишувларни текшираётгани сабабли зарар миқдори бир неча баробар ошиши мумкин, деб ёзади «Коммерсант». Ўз навбатида, РБК манбаси таъкидлашича, умумий қиймати 4,5 миллиард рублга яқин ўғирлик тергов қилинмоқда.

Курск областида ҳимоя иншоотлари: блиндажлар, ўт очиш нуқталари, таянч пунктлари, танкка қарши пирамидалар ва хандақлар қуриш учун федерал бюджетдан жами 19,4 миллиард рубл ажратилган. Россия Федерацияси Бош прокуратураси 2025 йил бошида Курскнинг Ленин райони судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Курск областини ривожлантириш корпорацияси»нинг собиқ раҳбари Владимир Лукиндан 3,2 миллиард рублдан ортиқ маблағни ундиришни сўраган. Идора версиясига кўра, бу маблағлар мудофаа иншоотлари қурилиши учун ажратилган, аммо охир-оқибат ўзлаштириб юборилган.

Алексей Смирнов Курск области губернатори лавозимида бир неча ой ишлаган. У 1990-йиллар охирида област маъмуриятида иш бошлаган. 2011 йилдан Москва областида турли лавозимларда ишлаган. 2018 йилда Смирнов Курск области губернатори Роман Старовойтга ўринбосар этиб тайинланган, 2021 йилда губернаторнинг биринчи ўринбосарига айланган, 2022 йилдан эса бир вақтнинг ўзида регион ҳукуматини бошқарган.

Курск областининг собиқ губернатори Роман Старовойт 2024 йил май ойида Россия Федерацияси транспорт вазири бўлганида, Смирнов регионни вақтинчалик губернатор вазифасини бажарувчи сифатида бошқарган. 2024 йил сентябр ойида, Украина қуролли кучларининг ҳужумига қарамай, Курск областида губернаторлик сайловлари бўлиб ўтади, унда Смирнов, сайлов комиссияси маълумотларига кўра, 65,28 фоиз овоз олган. 5 декабр куни эса Россия президенти Владимир Путин губернатор лавозимидан «ўз хоҳишига кўра» истеъфога чиққан Смирновнинг истеъфосини қабул қилгани маълум қилинади. Ўшанда Смирнов сайланганидан истеъфогача 88 кун ўтади. Смирновнинг истеъфоси ҳақидаги қарор Кремлда қабул қилинди, деб хабар берган РБК манбалари. Уларнинг сўзларига кўра, регион раҳбари «аҳоли билан», жумладан, Украина ҳарбийлари томонидан босиб олинган ҳудудлардан келган қочқинлар билан алоқа ўрнатмаган.

Смирнов истеъфога чиққанидан сўнг, унинг жамоаси вакиллари ҳам Курск области маъмуриятини тарк этишни бошлайди. Хусусан, Алексей Дедов 27 декабр куни ўз хоҳишига кўра ишдан бўшайди. Бу вақтда эса ҳуқуқ-тартибот идоралари «Курск областини ривожлантириш корпорацияси» раҳбарларини ҳибсга олишни бошлайди. Смирновнинг ўзи декабр ойида сўроққа чақирилди, деб хабар берган Mash телеграм-канали. Алексей Дедовни январ ойида сўроққа чақиришади. Курск областининг янги раҳбари Александр Хинштейн кўп марта «Курск областини ривожлантириш корпорацияси»ни танқид қилиб, уни «ўзлаштириш корпорацияси» деб атаган, деб ёзганди ТАСС март ойида.

Курск областида мудофаа иншоотлари қурилиши Роман Старовойт раҳбарлик қилган даврда бошланган. РБК нашининг президент маъмуриятига яқин манбасининг айтишича, Старовойтга нисбатан ҳозирда ўғирлик бўйича гумонлар йўқ. Курск областининг янги раҳбари Александр Хинштейннинг айтишича, ҳудуд маъмурияти ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлик қилмоқда.

Мавзуга оид