Ташқи қарз миқдори: халқаро тавсиялар ва жорий вазият қандай?
Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси таснифига асосан, ривожланаётган мамлакатлар учун давлат ташқи қарзининг тавсия этилган чегаравий миқдори ЯИМнинг 55 фоизи деб белгиланган. 2024 йил якунлари бўйича Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи 33,9 млрд доллар ёки ЯИМга нисбатан 29,5 фоизни ташкил этган.

Фото: Blomberg
Охирги пайтларда ташқи қарз масаласи ижтимоий тармоқда кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, долзарб мавзулардан бирига айланиб улгурди.
Кўп ҳолатларда молия соҳасидаги мутахассислар томонидан давлатнинг ташқи қарзи макроиқтисодий кўрсаткичлардан бири сифатида эътироф этилади. Шу боис мамлакатнинг ташқи қарзи билан боғлиқ вазиятни тўла акс эттирадиган кўрсаткичлардан бири сифатида давлат умумий қарзининг ЯИМга нисбати олинади.
Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармасининг тавсияси ҳамда таснифига кўра, иқтисодиёти ривожланаётган, бозор иқтисодиётига ўтиш давридаги мамлакатлар учун жами давлат қарзи ЯИМга нисбатан 75 фоиздан (дисконтланганда 70 фоиз), давлат ташқи қарзи ЯИМга нисбатан 55 фоиздан (дисконтланганда 50 фоиз) ошмаслиги тавсия этилган.
Бироқ кўплаб мамлакатлар, хусусан ривожланган мамлакатлар ҳам ўнлаб йиллар давомида юқори давлат қарзи билан яшаб келмоқда. Масалан, Франция, Италия ва Японияда бу кўрсаткич 100 фоиздан ошади. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, 2024 йилда Франциянинг умумий ташқи қарзи мамлакат ЯИМнинг 236 фоизини ташкил қилган ҳолда 7,3 трлн долларни, Италиянинг ташқи қарзи мамлакат ЯИМнинг 129 фоизини ташкил қилиб, умумий ташқи қарз 2,6 трлн долларни ташкил этган. Япониянинг ташқи қарзи эса 2024 йилда ЯИМнинг 102 фоизини ташкил қилган ҳолда умумий ташқи қарзи 4,3 трлн долларга етган.
Ўзбекистоннинг 2024 йил якуни бўйича умумий ташқи қарз ҳажмига эътибор қаратадиган бўлсак, бу кўрсаткич ўтган йил якуни бўйича 64,1 млрд доллар (ЯИМга нисбатан 55,7 фоиз)ни ташкил қилиб, шундан давлат ташқи қарзи ҳажми қарийб 33,9 млрд доллар (ЯИМга нисбатан 29,5 фоиз)га, корпоратив ташқи қарз ҳажми эса 30,2 млрд долларга тенг бўлди.
“Давлат қарзи тўғрисида”ги қонунининг 35-моддасида “давлат қарзининг энг юқори миқдори ЯИМнинг йиллик прогноз кўрсаткичига нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги керак”, деб белгилаб қўйилган. Демак, бундан кўринадики, Ўзбекистоннинг ташқи қарзи билан боғлиқ вазият доим ваколатли давлат органлари ва малакали мутахассисларнинг назорати остида экани эсимиздан чиқмаслиги лозим.
Шу нуқтайи назаридан 2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этиладиган ташқи қарз билан боғлиқ масалалар қуйидаги шароитларни назарда тутади:
Биринчидан, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг расмий маълумотига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон номидан ва кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 5,5 млрд АҚШ доллари миқдорида бўлиши 2025–2027 йиллар учун ишлаб чиқилган Бюджетнома лойиҳасида келтириб ўтилган. Кўрсатилган 5,5 млрд АҚШ долларидан 3,0 млрд АҚШ доллари Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштиришга, қолган қисми эса инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун йўналтирилиши кўрсатилган.
Иккинчидан, мамлакатимиз ЯИМ ҳар йили ўртача 5,0-6,5 фоизга ошмоқда, аҳоли сони ҳам ҳар йили кўпайиб, бугунги кунга келиб 37,5 млн нафарга етди. Бу ҳолат ўз навбатида давлат бюджетидан қилинадиган харажатларнинг ҳам кўпайишига олиб келади. Демак, юртимизда қўшимча уй-жой, мактаб, боғча ва бошқа ижтимоий объектларни қуришга қўшимча пул талаб этилади. Бунга яна қандай тушунтириш ёки изоҳ керак.
Умуман олганда, Ўзбекистоннинг ташқаридан қарз жалб қилиш даражаси ортиб бораётган бўлса-да, иқтисодиётимиз барқарор ўсиш тенденциясига эга бўлиб, йиллик ўсиш 6,0-6,5 фоиздан кам бўлмаяпти. Қолаверса, Ўзбекистон олтин-валюта заҳиралари 2025 йил 1 январ ҳолатига кўра, 41,18 млрд АҚШ долларини ташкил этди ва ташқи қарз миқдори хавотирли даражада эмас.
Юқоридагилардан хулоса қиладиган бўлсак, қарз олиш мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш, иқтисодий ўсишни таъминлаш, бюджет тақчиллигини камайтириш, инфратузилма объектларини яхшилаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорликка қулай инвестицион иқлим яратишга мақсадли йўналтирилиши лозим.
Энг муҳими давлатнинг ташқи қарзи белгиланган иқтисодий меъёрлардан ошмаган ҳолда бўлиши ва унинг мақсадли сарфланишини назорат қилиниши ўз навбатида иқтисодиётга жалб этилаётган инвестициявий лойиҳалар самарадорлигини оширади.
Нодирбек Расулов,
иқтисодиёт фанлари доктори
Мавзуга оид

16:36 / 29.03.2025
Охирги 5 йилда корпоратив ташқи қарз миқдори 2,4 баробарга ошган – Марказий банк ҳисоботи

13:22 / 25.02.2025
Ўзбекистон 1,5 млрд долларлик суверен облигацияларни жойлаштирди

15:34 / 27.01.2025
Жаҳон облигация бозорида инқироз: нега бундай бўляпти?

10:56 / 26.01.2025