Жаҳон | 09:55 / 17.04.2025
6958
3 дақиқада ўқилади

Уруш туфайли Россия қурол экспортини камайтирди. Унинг жаҳон бозоридаги ўрнини Ҳиндистон эгалламоқда

Reuters суриштирувидан асосий маълумотлар.

Indian Press Information Bureau / Anadolu Agency / Getty Images

Ҳиндистон расмийлари Россия-Украина урушини жаҳон қурол бозоридаги улушини кенгайтириш имконияти сифатида кўрмоқда. Бу ҳақда ёзган Reuters агентлиги журналистлари шахси сир қолишини сўраган ўнлаб ҳиндистонлик расмийлар билан суҳбатлашган.

Агентлик материалида уруш бошланганидан кейин АҚШ ва Ғарбнинг бошқа давлатлари ўзларида мавжуд бўлган барча ортиқча қуролларни Киевга жўната бошлагани, Россия ҳарбий заводлари эса амалда фақат ўз ҳарбий эҳтиёжлари учун техника ва ўқ-дорилар ишлаб чиқаришга ўтгани қайд этилади. Шу сабабли, азалдан дунёдаги энг йирик икки экспортчи – АҚШ ва Россиядан қурол сотиб олишга таянган кўплаб давлатлар муқобил йўл излашга мажбур бўлган.

Ҳиндистон узоқ йиллар давомида ҳам Вашингтондан, ҳам Москвадан сотиб олган ҳарбий технологияларга эгалиги ҳисобга олинса, у АҚШ ва Россия мижозлари учун эҳтимолий жозибадор экспортчи бўлиб чиқди.

Маҳсулот таннархи пастлиги Ҳиндистоннинг харидорлар базасини кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар беради. Ҳозир Ҳиндистон 155 миллиметр калибрли артиллерия ўқ-дориларини 300-400 доллар атрофида ишлаб чиқариши мумкин, Европадаги муқобил вариантлар эса уч минг доллардан қимматроқ нархда сотилмоқда. Ҳинд гаубицалари ҳам Европа гаубицаларидан икки баравар арзон.

Ҳиндистон Африка, Жанубий Америка ва Жануби-Шарқий Осиёга – биринчи навбатда, анъанавий равишда Россия таъминотига қарам бўлиб келган мамлакатларга экспортни кенгайтиришни режалаштирган. 2026 йилгача Ҳиндистон қурол шартномалари бўйича тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш учун хориждаги элчихоналарига камида 20 нафар ҳарбий атташени юбормоқчи. Ҳукумат 2029 йилга бориб қурол экспортини икки баравар оширишни мўлжал қилган.

Ҳозир Ҳиндистон ҳарбий экспортининг катта қисмини ўқ-дорилар, ўқотар қуроллар ва ҳарбий саноатда қўлланадиган ускуналар учун компонентлар ташкил қилади, аммо яқин йилларда мамлакат расмийлари етказиб бериш линиясини кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Ҳиндистон ҳукумати маълумотларига кўра, 2023-2024 молия йилида Ҳиндистон 14,8 миллиард долларлик қурол ишлаб чиқарган. Бу 2020 йилга нисбатан 62 фоизга кўпдир. Стокҳолм тинчлик муаммоларини ўрганиш институти (SIPRI) ҳисоб-китобларига кўра, Украина билан уруш фонида Россиянинг жаҳон қурол-яроғ савдоси бозоридаги улуши 2020-2024 йилларда 7,8 фоизга камайган.

Мавзуга оид