Жаҳон | 11:56
1499
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва НАТО Украинага қурол етказиб беришнинг янги механизмини яратмоқда

НАТО ва АҚШ Европа давлатлари ҳисобидан Украинага ҳарбий юк етказиб беришнинг янги механизмини ишлаб чиқмоқда, деб хабар берди Reuters. Устувор қуроллар ҳар бири 500 миллион долларлик пакетларда етказиб берилиши режалаштирилган.

Фото: REUTERS

АҚШ ва Шимолий Атлантика алянси Украинага ҳарбий юкларни молиялаштиришнинг янги механизмини ишлаб чиқмоқда — бу ҳақда 1 август, жума куни Америка ва Европа манбаларига таяниб, Reuters агентлиги хабар берди. Уларга кўра, НАТОга аъзо бўлган Европа давлатлари бу таъминот учун пул тўлайди.

Киев Украина Қуролли кучлари учун энг зарур бўлган қуроллар рўйхатини тузиши режалаштирилган — Priority Ukraine Requirements List (PURL). Шимолий Атлантика алянси давлатлари Украинага ушбу рўйхатдаги қуролларни етказиб беради, уларни ўз захираларидан олади ёки АҚШдан сотиб олади. Бу жараённи НАТО бош котиби Марк Рютте мувофиқлаштиради.

Етказиб беришлар ҳар бири тахминан 500 миллион доллар турадиган пакетларда амалга оширилиши режалаштирилган. Европа расмийсининг Reuters агентлигига айтишича, жами НАТО иттифоқчилари шу йўл билан Украинага 10 миллиард долларлик қурол етказиб беришни кутмоқда. Агентлик суҳбатдоши буни қанча муддатда амалга ошириш режалаштирилганига аниқлик киритмади.

АҚШ президенти Доналд Трамп 10 июл куни Қўшма Штатлар НАТО қуролларини сотишини, сўнгра алянс уни Украинага етказиб беришини айтди. Оқ уй раҳбари ўшанда бу схема тафсилотларини ошкор қилмаган.

Мавзуга оид