Жаҳон | 10:18 / 18.04.2025
2631
2 дақиқада ўқилади

Парижда АҚШ, Европа ва Украина ўртасида музокаралар бўлиб ўтди

Вашингтоннинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар Париждаги музокараларда Украинада «кучли ва мустаҳкам тинчлик схемаларини» тақдим этган. Киевда учрашув «конструктив ва ижобий» деб аталди. Томонлар Лондонда янги учрашув ўтказишни режалаштирган.

Фото: Ludovic Marin/POOL/AFP

17 апрел, сешанба куни Парижда АҚШ, Украина, Буюк Британия, Германия ва Франция вакиллари йиғилди. Турли форматдаги музокараларда Украинада тинчликка эришиш йўллари муҳокама қилинди.

Париждаги АҚШ делегацияси таркибида давлат котиби Марко Рубио, Доналд Трампнинг Украина бўйича махсус вакили Кит Келлог ва махсус элчи Стивен Уиткофф бор эди. Музокараларда Киев томонидан Володимир Зеленский идораси раҳбари Андрей Ермак, ташқи ишлар вазири Андрей Сибиха ва мудофаа вазири Рустем Умеров иштирок этди.

Германия томонидан Германия Ташқи ишлар вазирлигининг сиёсий директори Гюнтер Зауттер ва Федерал ҳукуматнинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик сиёсати бўйича маслаҳатчиси Йенс Плётнер иштирок этди.

Кит Келлог X ижтимоий тармоғида Умеров ва Ермак билан Париждан тушган суратни жойлаштирди ва учрашувларни «жуда самарали» деб атади.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Тэмми Брюснинг айтишича, Вашингтон барча томонларга «кучли ва мустаҳкам тинчлик схемаларини» тақдим этган, аммо ҳеч қандай тафсилотларни келтирмаган. Унинг сўзларига кўра, Париждаги учрашувдан сўнг Марко Рубио телефон орқали Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга «АҚШ жамоаси Париждаги Украина делегацияси ва унинг Европадаги иттифоқчиларига билдирган сигнални: президент Доналд Трамп ва Қўшма Штатлар бу уруш тугашини истайди» деган хабарни етказган.

Мавзуга оид