Ўзбекистон | 17:59 / 18.04.2025
8708
2 дақиқада ўқилади

«Эсингиз борида этагингизни ёпиб олинг» — Турдимов хусусий корхоналар раҳбарларини солиқдан қочмасликка чақирди

Сирдарёдаги хусусий клиникалар шифокорлар маошини 500 минг сўмгача камайтириб кўрсатган.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Сирдарё вилояти ҳокимлигида хусусий тиббиёт муассасалари ҳисоботлари натижаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, вилоятдаги хусусий клиникаларда 1600 га яқин мутахассис, жумладан, 443 нафар олий тоифали шифокор ишлаяпти. Хусусий клиникаларнинг 2024 йил учун солиқ ҳисоботлари таҳлилига кўра, ўртача ойлик иш ҳақи атиги 2,2 миллион сўмни ташкил этади. Аммо ўтказилган сўровномада шифокорлар хусусий клиникаларда ишлашдан олинадиган реал даромади 8 млндан 35 миллион сўмгача эканини маълум қилган.

Расмий маълумотлар камайтирилиши оқибатида вилоят бюджетига ҳар йили 12,7 миллиард сўмга яқин солиқ тушумларини йўқотаётгани таъкидлаб ўтилган.

Туман ва шаҳарлар нуқтаи назаридан олиб қаралганда Гулистон туманида хусусий поликлиникалар юқори тоифали шифокорларга ўртача 500 минг сўм, Сардоба ва Сайхунобод туманларида — 800 минг сўм, Боёвут туманида — 900 минг сўм пул тўлаган. «Бу рақамлар ишларнинг ҳақиқий ҳолатини акс эттирмаслиги аниқ», — дейилади ҳисоботда.

Вилоят ҳокими в.б. Эркинжон Турдимов яширин схемаларга қарши биргаликда курашишга чақирди ва чорак якунлари бўйича вазиятни яна бир бор таҳлил қилиш ниятида эканини маълум қилди.

«Солиқдан қочиш тамойилидан воз кечиш керак. Хусусий клиникалар ҳаммаси ҳозир солиқдан қочмоқда, солиқ тўламасликка ҳаракат қилмоқда.

Ҳурматли хусусий корхона раҳбарлари. Сизлардан илтимос қиламиз, талаб қиламиз: эсингиз борида этагингизни ёпиб олинг. Ва бор нарсани ҳисоботда кўрсатишингизни сўраймиз.

Акс ҳолда, кўза кунда эмас, кунида синади. Бу эса яхшиликка олиб келмайди», деган вилоят раҳбари.

Бундан аввалроқ Сирдарё вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Улуғбек Хатамов ишдан олиниб, унинг ўрнига Суҳроб Тавбоев тайинлангани хабар қилинганди.

Мавзуга оид