Хусусий клиникаларни текшириш бўйича ССВнинг ваколатлари кенгайтирилиши мумкин
Соғлиқни сақлаш вазирлиги хусусий клиникаларга нисбатан лицензион талабларни қайта кўриб чиқмоқда. Вазирлик нодавлат тиббиёт муассасалари устидан назорат механизмларини такомиллаштириш, хусусан, бизнес омбудсман рухсатисиз текширув ўтказиш ваколатини кўзда тутувчи ҳужжат лойиҳаси устида ишлаяпти, дея Kun.uz'га маълум қилди вазир ўринбосари Элмира Боситхонова.
Бухорода хусусий клиникада 11 ёшли бола вафот этгани ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Фарғонада эса хусусий клиникага бурун операцияси учун борган прокуратура ходимининг ўлими юзасидан текширув ўтказилмоқда.
Kun.uz мухбири соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхоновадан бу каби ҳолатларга вазирликнинг муносабатини сўради.
“Аввало айтмоқчиманки, хусусий клиникаларнинг фуқароларимиз саломатлигини сақлашда, уларни даволашдаги ҳиссаси кескин ортди. Уларнинг сони ҳам, сифати ҳам ошди. Мана, стационал хизмат кўрсатувчи хусусий клиникалар ҳам кўпайди. Лекин бу нарсанинг иккинчи томони бор. Уларга давлат томонидан қанчалик имтиёзлар, эркинликлар тақдим этилмасин, оддий тадбиркорлар билан тиббиёт соҳасидаги клиника раҳбарлари ўртасида фарқ бор: улар инсон ҳаёти учун жавоб беради. Улар нафақат энг юқори технологияли асбоб-ускуналар, балки ўз кадрлар салоҳияти ва малакаси ҳақида ҳам қайғуриши керак.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги лицензия бериш талабларини қайта кўриб чиқяпти. Энг муҳими, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган тиббиёт муассасаларига тадбиркор сифатида эмас, шифокорлар, яъни тиббиёт соҳаси сифатида қараб, ҳар қандай нохуш ҳолатлар бўлганда, ССВ томонидан хизмат текшируви ўтказиш бўйича таклиф киритяпмиз. Ундай бўлмаса, хусусий клиникалардаги камчиликларнинг объектив таҳлилини қилиш имконияти йўқ”, – дейди Боситхонова.
У амалдаги тартибга кўра хусусий клиникада текширув ўтказиш бизнес омбудсман орқали бўлишини таъкидлаб, вазирликнинг тўлиқ ўрганишлар ўтказиш имконияти чекланганини қайд этди.
Маълумот учун, 2024 йил август ойи ҳолатига, Ўзбекистонда хусусий тиббиёт муассасалари сони 9200 тага етган.
Мавзуга оид

09:47 / 22.04.2025
Бухорода хусусий клиникада 11 ёшли бола вафот этгани ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди

19:27 / 21.04.2025
Фарғонадаги хусусий клиникага бурун операцияси учун борган департамент ходими вафот этди

08:53 / 20.04.2025
Хусусий клиника лицензиясини олиш тартиби қандай?

11:32 / 19.04.2025