Таиландда биринчи робот-полициячи тақдим этилди
Сунъий интеллектга эга робот реал вақт режимида дронлардан маълумотларни қабул қилиб, кўчаларда содир бўлаётган воқеаларни таҳлил қилишга қодир.

Фото: Royal Thai Police
Таиландда сунъий интеллектга эга биринчи робот-полициячи пайдо бўлди. У Накхонпатхом провинциясида Сонгкран байрамида синовдан ўтказилди, деб хабар беради Interesting Engineering.
AI Police Cyborg 1.0 полициячи роботи атрофни тўлиқ кузатишга қодир камера билан жиҳозланган ва бутун провинция бўйлаб ишлайдиган видеокузатув тизимига уланган. У реал вақт режимида дронлардан маълумотларни қабул қилиб, кўчаларда содир бўлаётган воқеаларни таҳлил қилади ва тўпланган ахборотни бошқарув марказига юборади.
Робот-полициячининг асосий вазифаларидан бири — юзни таниш имконияти. У инсон қидирувда экани ёки хавф уйғотадиган гуруҳга киришини аниқлашга қодир. Шунингдек, робот одамнинг ташқи кўриниши — бўйи, жинси, тана тузилиши, кийим-кечаги ва ҳатто хатти-ҳаракатини таҳлил қилади.
Агар оломон ичида жанжал бошланса ёки кимдир куч ишлатишга уринса, робот буни қайд этади. У пичоқ ёки таёқ каби потенциал хавфи буюмларни фарқлай олади, шу билан бирга, байрам кунлари фойдаланиладиган сув сепувчи тўппончаларга эътибор қаратмайди.
Полиция вакилларининг сўзларига кўра, бу хавфсизликнинг янги даражаси учун қадамдир. Масалан, одамлардан фарқли ўлароқ, робот чарчоқ билмай кўчаларни назорат қилиши мумкин, унга ўрнатилган сунъий интеллект эса бир зумда таҳдидга қарши чора кўришга ёрдам беради.
Бу каби тизимдан аллақачон Хитойда фойдаланилади. Ушбу мамлакатда одамсимон роботлар ўтган-кетганлар билан саломлашади, буйруқларга жавоб қайтаради ва патрулларга ёрдам беради. Улардан бири — PM01 модели декабр ойида хизмат бошлаган. Март ойида эса Хитойда Logon Technology компаниясининг RT-G роботи синовдан ўтказилган эди — у соатига 35 километр тезликда ҳаракатланиши мумкин.
Мавзуга оид

20:02 / 18.04.2025
Таиланд Мянмада қулликдан озод этилган 7 минг кишини ватанига юборди

18:20 / 31.03.2025
Мянмадаги зилзила: тирик қолганлар харобалар остидан чиқариб олинмоқда, аммо юзлаб кишилар бедарак кетган

15:51 / 30.03.2025
Мянма ва Таиланддаги кучли зилзила оқибатлари — фотосуратлар

15:12 / 30.03.2025