Ўзбекистон | 15:58 / 18.04.2025
11375
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда эркак ўзаро келишмовчилик ортидан танишининг Teslaʼсини ёқиб юборди

Эркак тунда автотураргоҳдаги машина ёнига келиб, уни ёқиб юборгани ва ҳодиса жойидан қочиб кетгани камерага тушиб қолган. Чақирувга биноан манзилга етиб борган ўт ўчирувчилар машинани 3 дақиқада ўчирган. Уни ёқиб қочган шахс эса ушланган.

Фото: Тошкент шаҳар ФВБ

Тошкент шаҳрида Tesla машинаси ёқиб кетилди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳолат кеча, 17 апрел куни соат тахминан 23:40 ларда Мирзо Улуғбек тумани Яланғоч даҳаси ҳудудида жойлашган автотураргоҳда содир этилган. 1988 йилда туғилган М.Ж. ўзаро келишмовчилик сабабли 1983 йилда туғилган таниши Н.К.га тегишли Tesla машинасини ёқиб юборган.

Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида фуқаро М.Ж. ушланган. Ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 173-моддаси (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеога кўра, машинага ўт қўяётган эркакнинг ҳаракатлари ҳудуддаги камералардан бирига тушиб қолган. У аввалига қўлидаги идишда бўлган ёнилғини машина устига тўкиб чиққан. Сўнгра ўт қўйиб, ҳодиса жойидан қочиб кетган.

Тошкент шаҳар ФВБнинг билдиришича, 14 апрел куни соат 23:51 да Яланғоч даҳасида электромобил ёнаётгани тўғрисида хабар келиб тушган. Ёнғин-қутқарув техникалари манзилга соат 23:56 да етиб борган ҳамда ёнғин 23:59 да ўчирилган.

Ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар ёки жароҳат олганлар йўқ.  

Мавзуга оид