Трамп ЕИ билан савдо келишувига эришишига «100 фоиз» ишонч билдирди
Доналд Трамп ва Италия бош вазири Жоржа Мелони Оқ уйда учрашиб, АҚШ ва Европа Иттифоқи савдо тарифлари бўйича келишувга эриша олишига ишонч билдирди. Мелони Вашингтонни «ишончли ҳамкор» деб атади.

Фото: WIN MCNAMEE/Getty Images via AFP
АҚШ президенти Доналд Трамп 17 апрел, пайшанба куни Оқ уйда Италия бош вазири Жоржа Мелонини қабул қилди. Журналистлар билан суҳбатда ҳар икки етакчи АҚШ ва Европа Иттифоқи савдо тарифлари бўйича келишувга эриша олишига ишонч билдирди.
Шундай қилиб, Трамп ЕИ билан битим тузишга «юз фоиз» ишонишини айтди. У буни амалга ошириш учун зарур бўлган вақтни «уч-тўрт ҳафта» деб ҳисоблади, деб хабар беради AFP. Америка раҳбари, аммо аъзо давлатлар номидан тарифлар бўйича музокара олиб бораётган Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен билан учрашишни хоҳлайсизми, деган саволга жавоб беришдан бош тортди. Бироқ, у шундай деди: «Биз Европа ёки бошқа биров билан шартнома тузишда муаммога дуч келмаймиз».
Ўз навбатида Мелони ҳам шундай деди: «Биз келишувга эриша олишимизга ишонаман». У АҚШни «ишончли ҳамкор» деб атади. Унинг сўзларига кўра, Трамп «яқин келажакда» Римга ташриф буюриш таклифини қабул қилган ва у ерда бошқа Европа етакчилари билан учрашиш вариантини кўриб чиқмоқда. «Атлантиканинг икки қирғоғи ўртасида қандайдир муаммолар бўлса ҳам, биз учун учрашиш ва ечим топиш вақти келди», деб таъкидлади Италия бош вазири.
Ўнг популистик қарашларга эга бўлган Жоржа Мелони иммиграция сиёсати каби кўплаб масалаларда Доналд Трампнинг позициясига қўшилишини таъкидлади. «Менинг мақсадим — Ғарбни яна буюк қилиш ва мен буни биргаликда уддалай оламиз деб ўйлайман», деди у. Вашингтондан қайтгач, Мелони Римда АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнсни қабул қилишни режалаштирмоқда.
Мавзуга оид

23:20 / 23.04.2025
Лавров: Россия ЕИнинг Марказий Осиёда ҳукмронлик ўрнатишга бўлган уринишларига қарши

17:55 / 18.04.2025
Евроиттифоқ Россия авиакомпаниялари учун ўз осмонини очишдан бош тортди

14:09 / 17.04.2025
Штрак-Циммерман: Молдова - ЕИ учун устувор давлат

08:46 / 15.04.2025