Иқтисодиёт | 23:21 / 19.04.2025
23754
3 дақиқада ўқилади

Жисмоний шахсларнинг хориждан товар олиб киришига чекловлар кучайтирилди

Ўзбекистонга самолётда келаётган жисмоний шахслар ҳозирда 2000 долларгача, поездда келаётганлар эса 1000 долларгача қийматдаги товарларни божсиз олиб кириш ҳуқуқига эга. Ҳукумат қарори билан, 1 майдан бошлаб бу лимит мос равишда 1000 доллар ва 500 долларгача пасайтириладиган бўлди. 1-2 кунга четга чиқиб келганлар Ўзбекистонга божсиз товар олиб киролмайди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон ҳукумати самолёт ва поездда келаётган жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжи учун нотижорат мақсадларда республикага олиб кириладиган товарларнинг божсиз олиб кириш нормаларини пасайтирди.

Бош вазир томонидан бугун, 19 апрел куни имзоланган қарорга асосан, божсиз товар олиб кириш нормалари 2025 йил 1 майдан эътиборан қуйидагича белгиланади:

  • ҳаво транспортида – 1000 доллар (ҳозирда 2000 доллар);
  • темирйўл ва дарё транспортида – 500 доллар (ҳозирда 1000 доллар);
  • автомобил (пиёда) ўтказиш пунктлари орқали – 300 доллар (ўзгаришсиз);
  • халқаро курьерлик жўнатмалари орқали – бир ойда 200 доллар (ҳозирда бир чоракда 1000 доллар);
  • халқаро почта жўнатмалари орқали – 100 доллар (ўзгаришсиз).

Белгиланишича, темирйўл ва дарё транспортида ҳамда автомобил ўтказиш пунктлари орқали нотижорат мақсадларда товарларни олиб кираётган шахс хорижий давлатда 2 кундан кам муддат бўлганда, ҳаво транспортида эса 3 кундан кам муддат бўлганда, божсиз олиб кириш нормалари қўлланилмайди. Бунда ушбу товарларга божсиз олиб кириш нормасидан ортиқ деб қаралади ва товарларнинг тўлиқ қийматидан ягона божхона тўлови ундирилади.

Жисмоний шахслар томонидан қиймати 5000 АҚШ доллари эквивалентигача бўлган товарлар божхона декларациясини тақдим этмаган ҳолда республикадан олиб чиқилиши мумкин, экспорт божхона божи жорий этилган товарлар бундан мустасно.

Ҳужжат билан, шунингдек, импорт жараёнини расмийлаштиришда божхона қиймати ва миқдори алоҳида назоратга олинадиган товарлар рўйхати тасдиқланди. Рўйхатга 70 хил турдаги товарлар киритилган. Маиший техникалар, озиқ-овқатлар, кийим-кечаклар ва пойабзалларнинг бир қатор турлари, тозалаш ва ювиш воситалари, ўйинчоқлар, шиналар, металл буюмлар шулар жумласидан. Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровга бу рўйхатдаги товарларнинг қиймати ва миқдорини назорат қилишнинг самарали механизмини жорий этиш ва ҳеч қандай истиснолар бўлишига йўл қўймаслик топшириғи берилди.

“Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия чегара божхона постларида фуқаролар томонидан ваколатли давлат органлари мансабдор шахсларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик, уюшган ҳолда қаршилик қилиш ҳамда жамоат тартибини бузиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича Божхона қўмитаси билан ҳамкорликни йўлга қўйсин”, дейилади қарорда.

Мавзуга оид