Жаҳон | 21:47 / 20.04.2025
6855
2 дақиқада ўқилади

Кремл Пасха муносабати билан эълон қилинган сулҳни узайтиришдан бош тортди

Путин 21 апрел соат 00:00 га қадар Россия армиясига жанговар ҳаракатларни тўхтатишни буюрган эди. Кремл матбуот котибига кўра, ушбу муддат узайтирилиши бўйича «бошқа буйруқ бўлмаган».

Фото: ТАСС

Украина президенти Володимир Зеленский Москва томонидан бир томонлама тартибда эълон қилинган «Пасха сулҳи»ни узайтириш ташаббусини илгари сурганига қарамай, Кремл 21 апрел соат 00:00 дан бошлаб жанговар ҳаракатларни қайта тиклаш ниятида. Бу ҳақда Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

«Бошқа буйруқлар бўлмади», — деди у ТАСС вакилининг душанбага ўтар кечаси сулҳ муддати тугайдими ёки ўт очишни тўхтатиш муддати узайтирилиши мумкинми деган саволига жавобан.

Владимир Путин Пасха муносабати билан қисқа оташкесимни 19 апрел куни РФ Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов билан учрашувда эълон қилди. У 21 апрел ярим тунга қадар Россия армияси Украина фронтида ўт очишни тўхтатишини айтиб, Киев томонидан ҳам шу каби қадам ташланишига умид билдирди.

Ўз навбатида Зеленский мазкур ташаббусини қўллаб-қувватлади, бироқ Путиннинг ҳаракати — бу «одамлар ҳаёти билан ўйнашнинг» навбатдаги уринишидан бошқа нарса эмаслигини таъкидлади. Шу билан бирга, Украина президенти ўт очишни тўхтатиш режимига ҳақиқатдан риоя қилинса, уни давом эттириш таклифини берди. Аммо 20 апрел куни эрталабдан ҳар икки томон ҳам бир-бирини ўт очиш ва ҳужумлар давом этаётганига айблади.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин АҚШ воситачилигида Россия ва Украина ўртасида энергетика объектларига зарба бермаслик бўйича келишув бўлган, 18 мартдан бошланган келишув 1 ойга тузилганди.

Мавзуга оид