Фан-техника | 00:23 / 21.04.2025
6061
2 дақиқада ўқилади

Олимлар экстремал иссиқ ва совуққа бардошли «суперметалл»ни яратди

Жанубий Корея тадқиқотчилари тақдим этган қотишма -196 даражадан 600 даража иссиққача ўз хусусиятларини сақлаб қолади.

Фото: Shutterstock

Жанубий Кореянинг Поҳанг Фан ва технология университети олимлари материалшунослик соҳасида катта ютуққа эришди — улар Целсий бўйича 196 даража совуқдан 600 даража иссиққача бўлган ҳароратлар оралиғида ўз хусусиятларини сақлаб қолувчи қотишмани ишлаб чиқди.

Янги юқори энтропияли никел асосидаги қотишма «гиперадаптер» номини олди. Унинг асосий хусусияти — ҳар қандай ҳарорат ўзгаришларида механик хусусиятларининг барқарорлигидир. Бу илгари металл материаллар учун имконсиз деб ҳисобланарди.

Бундай хусусиятларнинг сири — қотишма таркибида бир текис тақсимланган L1₂ наноўлчамдаги зарралар. Бу микроскопик элементлар мустаҳкамловчи каркас вазифасини бажаради ва деформациянинг олдини олади. Шу билан бирга, материалнинг ички тузилмаси ташқи шароитлардан қатъий назар, юкламаларга мослаша олади.

Ушбу янгилик ўта муҳим ҳарорат тебранишларига дуч келинадиган соҳаларда қўлланилиши мумкин. Гап космик ракеталар, реактив двигателлар, автомобиль чиқинди газ тизимлари, энергетик турбиналар ва саноат қувурлари ҳақида кетмоқда.

Мавзуга оид