Жаҳон | 19:16 / 22.04.2025
3473
3 дақиқада ўқилади

Махсус трибунал 20 нафар россиялик амалдор устидан терговга тайёргарлик кўрмоқда

Аниқ рўйхатни Киев тузади. Шу билан бирга, Россия президенти Владимир Путин, бош вазир Мишустин ва ТИВ раҳбари Лавров лавозимдан кетмагунча суд қилинмайди.

Фото: REUTERS

Украинага қарши босқинчилик жиноятлари бўйича суд учун махсус трибунал 20 нафар россиялик амалдорни жавобгарликка тортишни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Deutsche Welle ўз манбасига таяниб хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, аниқ рўйхатни Киев тузади, аммо ушбу шахслар ўз лавозимига боғлиқ (функционал) иммунитетга эга ва бу уларни ҳимоя қилмайди. Гап Украинага қарши тажовуз жиноятини режалаштириш, тайёрлаш, бошлаш ва амалга оширишга масъул юқори лавозимли сиёсий ва ҳарбий раҳбарлар ҳақида кетмоқда.

Аввалига махсус трибунал Россия президенти Владимир Путин, бош вазир Михаил Мишустин ва ташқи ишлар вазири Сергей Лавров каби энг юқори мартабали шахсларга ҳам татбиқ этилиши мумкинлиги айтилган эди. Бироқ улар лавозимидан кетмагунча суд қилинмайди. Шунга қарамай, улар устидан тергов олиб борилиши ва айблов хулосаси тайёрланиши мумкин. Бошқа бир манбага кўра, уларга қарши айблов ва ҳибсга олиш бўйича ордер бериш суд томонидан фақат дахлсизлик олиб ташлангандан кейин амалга оширилади. Путин, Мишустин ва Лавров устидан суд жараёни эса сиртдан ўтказилиши мумкин.

Махсус трибунал Ғарб давлатлари томонидан Ҳаага шаҳрида, Европа Кенгаши асосида ташкил этилмоқда. У ўз юрисдикциясини Украинадан олади. Трибунал Иккинчи жаҳон урушидан кейин нацист жиноятчиларини суд қилган Нюрнберг трибунали моделига асосланган. Махсус трибунал прокурори Ҳаагадаги Халқаро тажовуз жиноятларини таъқиб қилиш маркази (ICPA) томонидан тўпланган далиллар ва Украина топширган бошқа ҳужжатларни кўриб чиқади.

Тажовуз жиноятини алоҳида судда кўриб чиқиш ғояси илк бор 2022 йилда Буюк Британия томонидан илгари сурилганди. Бу ташаббусни Украина ҳукумати ва АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти қўллаб-қувватлаган, маблағ ажратган ва америкалик прокурорларни ташкилотчиликка ёрдам бериш учун юборган. Аммо Доналд Трамп Оқ уйга қайтгач, АҚШ ушбу ташаббусдаги иштирокини тўхтатди ва 2025 йил март ойида ICPA’дан чиқишини эълон қилди. Айни вақтда 2023 йилдан бери трибунални ташкил этиш консепциясини ишлаб чиқаётган асосий гуруҳ таркибида 38 та давлат бор.

Март ойи охирида трибуналнинг низоми ва бошқарув битимини ўз ичига олган учта асосий ҳужжат лойиҳаси тақдим этилганди. Трибунал тузилиши учун Европа Кенгаши аъзоларининг учдан икки қисми бу ҳужжатларни маъқуллаши керак. Бундан ташқари, кўплаб давлатлар бошқарув битимини ратификация қилиш учун ўз парламентларида овоз бериш жараёнларини ўтказишлари лозим бўлади, чунки бу молиявий ва сиёсий масаладир. Ратификация жараёни бир неча ойга чўзилиши мумкин.

Мавзуга оид