Жаҳон | 22:36 / 24.04.2025
870
3 дақиқада ўқилади

Кокаинни қонунийлаштиришга чақирган Колумбия президенти гиёҳванд моддаларга қарамликда айбланди

Президент Густаво Петро баъзида муҳим учрашувларга кечикиши ёки умуман бормаслиги, ҳатто бир неча кунга жамоатчилик кўз ўнгидан йўқолиб қолиши билан танилган. Колумбия собиқ ташқи ишлар вазири президентда «наркотиклар билан муаммо борлигини» маълум қилди.

Фото: AFP/Getty Images

Колумбиянинг собиқ ташқи ишлар вазири Алваро Лейва яқинда кокаин савдосини қонунийлаштиришни таклиф қилган мамлакат президенти Густаво Петрони гиёҳвандликка қарамликда айблади. Петронинг ўзи эса фақат бир нарсага — қаҳвага қарамлигини айтган, деб ёзади Financial Times.

Лейвага кўра, бу айбловга асос бўлган ҳолат 2023 йил июн ойида, Францияга уюштирилган расмий ташриф давомида Петронинг Парижда икки кунга «йўқолиб қолиши» билан боғлиқ. «Айнан Парижда сизда наркотиклар билан муаммо борлигини тасдиқладим. Афсуски, сиз соғаймадингиз», — деб ёзган Лейва Х ижтимоий тармоғига. У қайси турдаги гиёҳванд моддани назарда тутаётганини очиқламаган. Лейва Петро президентлиги даврида, 2022 йил августидан бошлаб деярли икки йил ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган. «Яхши маълумки, сизда тез-тез ёлғизлик, хавотир, тушкунлик ва бошқа ҳолатлар кузатилади, уларни енгиш осон эмас», — деб ёзади собиқ вазир.

2023 йил ноябр ойида журналист Мария Химена Дузан Петронинг тез-тез «ғойиб бўлиб туришини» унинг сир сақлашга уринаётган қарамлиги билан боғлаган эди. Бунга жавобан Петро ижтимоий «Менинг ягона қарамлигим — бу эрталабки қаҳва», деб ёзганди. Президент баъзида муҳим учрашувларга кечикиши ёки умуман бормаслиги, ҳатто бир неча кунга жамоатчилик кўз ўнгидан йўқолиб қолиши билан танилган.

Феврал ойида Петро Колумбияда кокаин савдосини қонунийлаштиришга чақирган ва уни «вискидан ёмон эмас» деб таърифлаб, «вино каби талабга эга бўлади» деган фикрни билдирган. Бунгача мамлакат ички ишлар вазири Армандо Бенедетти ҳам ўзининг гиёҳвандликка қарамликка қарши кураши ҳақида очиқ гапирган эди.

Колумбия — дунёдаги энг йирик кокаин ишлаб чиқарувчи давлат. Петронинг президентлиги даврида ушбу гиёҳванд модданинг ишлаб чиқарилиши сўнгги йигирма йилдаги энг юқори даражага етган. БМТ Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, 2023 йилда Колумбияда 2 664 тонна соф кокаин ишлаб чиқарилган (бу 2022 йилдагидан 53 фоизга кўп). Кокаин тайёрланадиган кока дарахти экиладиган ер майдони 253 минг гектарга етган.

Петро 2022 йил август ойида президент лавозимига киришган. У сайловнинг иккинчи босқичида озчилик фарқ билан ғалаба қозонган ва «Колумбия учун тарихий пакт» номли сўл ва сўл марказ партиялар иттифоқи вакили сифатида номзодини илгари сурган эди.

Мавзуга оид