Ўзбекистон | 19:42 / 24.04.2025
3147
2 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева ва Ўғилжаҳон Атабаева Самарқанддаги инклюзив таълим маркази фаолияти билан танишди

Президент ёрдамчиси ушбу учрашув болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма ташаббусларни ривожлантириш учун яхши асос бўлишига ишонишини билдирди.

Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Гурбангули Бердимуҳамедов номидаги Ҳомийликка муҳтож болаларга кўмаклашиш хайрия жамғармасининг тиббий фаолият бўйича вице-президенти Ўғилжаҳон Гурбангулиевна Атабаева билан «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига ташриф буюрди.

Саида Мирзиёева қардош Туркманистондан ташриф буюрган қадрдон меҳмон — Ўғилжаҳон Гурбангулиевна Атабаевани Ўзбекистонда кутиб олишдан бениҳоя мамнун эканини қайд этди.

Бугун, 24 апрел куни улар биргаликда «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ва Самарқанд шаҳридаги инклюзив таълим марказида бўлиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини қўллаб-қувватлаш, таълим олиш имкониятидан тенг фойдаланиш учун шароит яратиш ишлари билан танишди.

«Ушбу учрашув болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма ташаббусларни ривожлантириш учун яхши асос бўлишига ишонаман», — деб ёзади президент ёрдамчиси.

Шунингдек, Саида Мирзиёева туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга «Олий Даражали Дўстлик» орденини тантанали топшириш маросимида қатнашганини ҳам таъкидлади.

«Президентимиз таъкидлаганидек, Гурбангули Маликгулиевич қардош мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга беқиёс шахсий ҳисса қўшганлар.

Ушбу олий мукофот билан чин дилдан муборакбод этамиз ва Ўзбекистонга ташрифингиз билан самимий қутлаймиз», — деб ёзади Саида Мирзиёева.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева 29 март куни Ўғилжаҳон Гурбангулиевна Атабаева таклифига биноан Туркманистонда ташкил этилган «Тинчлик ва ишонч йили: болалар учун халқаро фаолиятни ривожлантириш» номли халқаро конференцияда иштирок этганди.

Мавзуга оид