Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Саида Мирзиёева Зойид номидаги халқаро мукофотнинг ҳакамлар ҳайъатига киритилди
2026 йилги Зойид номидаги инсоният биродарлиги мукофотининг ҳакамлар ҳайъати аъзолари эълон қилинди. 1 млн долларлик мукофот соҳибини аниқловчи ҳакамлар ҳайъати таркибига Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, ЮНИСЕФ бош директори Кетерин Расселл, Европа Кенгаши собиқ президенти Шарл Мишел ва бошқалар киритилди.

Ҳакамлар ҳайъати таркиби
Зойид номидаги инсоният биродарлиги мукофоти ташкилотчилари 2026 йилги совриндорни аниқлашда иштирок этадиган ҳакамлар ҳайъати аъзоларини эълон қилди.
Ҳакамлар қаторидан Ўзбекистон президенти администрациясининг раҳбари Саида Мирзиёева ҳам жой олган. Унинг номзоди Ал-Азҳар бош имоми Аҳмад ал-Тойиб томонидан илгари сурилган.
Зойид халқаро мукофоти – дунё бўйлаб турли соҳа ва минтақалардан келган, инсонпарварлик, биродарлик ва ҳамжиҳатлик тамойилларини илгари суриш йўлида фидокорона хизмат қилаётган шахслар ҳамда ташкилотларни тақдирлашга қаратилган.
Мукофот номи Бирлашган Араб Амирликлари асосчиси, марҳум Шайх Зойид бин Султон Ал Наҳаён шарафига қўйилган.
Турли соҳаларда фаолият юритадиган ва хилма-хил тажрибага эга ҳакамлар ҳайъати 60 дан ортиқ давлатлардан келиб тушган номзодларни баҳолаб, иқлим ўзгариши, камбағалликка қарши кураш, жамият ривожланиши ва соғлиқни сақлаш каби турли инсонпарварлик ташаббуслари бўйича танлов ўтказади.
Ҳакамлар ҳайъатининг олти нафар аъзоси қуйидагилар:
- Саида Мирзиёева – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари
- Кетерин Расселл – ЮНИCEФ ижрочи директори
- Шарл Мишел – Европа Кенгашининг собиқ президенти, Белгия собиқ бош вазири
- Моусса Факи Маҳамат – Африка Иттифоқи Комиссиясининг собиқ раиси, Чад собиқ бош вазири
- Кардинал Хосе Толентино де Мендонса – Муқаддас Тахтнинг Маданият ва таълим бўйича дикастерияси префекти
- Судя Муҳаммад Абделсалом – Зойид номидаги Инсон биродарлиги мукофоти Бош котиби.
“Ушбу нуфузли ҳакамлар ҳайъатига Марказий Осиёдан илк аъзо сифатида қўшилаётганимдан беҳад мамнунман. Ҳайъатдаги ҳамкасбларим билан биргаликда бутун дунёда жамиятларни юксалтираётган ва долзарб муаммоларни ҳал этаётган эътироф этилмаган гуманитар қаҳрамонларни тан олишни мақсад қилганмиз”, дея Саида Мирзиёевадан иқтибос келтирилган расмий пресс-релизда.
Қайд этилишича, Мирзиёева ҳайъатга киритилиши – жамоага хотин-қизлар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий ривожланишни илгари суриш бўйича бой тажрибани олиб келади.
Мукофот учун аризалар қабули 2025 йил 1 октябргача давом этади. Номзодлар ўз аризаларини ташкилот расмий сайти орқали юбориши мумкин.
Мукофот суммаси – 1 000 000 АҚШ доллари.
Маълумот учун, Зойид номидаги инсоният биродарлиги мукофоти 2019 йилда, Католик черковининг 266-папаси Папа Франциск ва Ал-Азҳар Бош имоми Аҳмед Ал-Тойибнинг Абу-Дабидаги учрашувидан кейин таъсис этилган. Бу учрашувда икки диний пешво “Инсоният биродарлиги тўғрисидаги ҳужжат”ни имзолаган эди.
Шундан буён 15 мамлакатдан 16 нафар совриндор эътироф этилди.
Бунгача мукофотланганлар орасида Рим папаси Франциск (фахрий совриндор), Ал-Азҳар бош имоми Аҳмад Ал-Тойиб (фахрий совриндор), БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, экстремизмга қарши кураш фаоли Латифа Ибн Зиатен, Иордания қироли Абдулла II бин Ал-Ҳусайн ва қиролича Рания Ал-Абдулла, Ҳаитидаги “Билим ва озодлик” жамғармаси, Сант-Eгидио ҳамжамияти, кениялик тинчлик фаоли Шамса Абубакар Фадҳил, Индонезиянинг “Наҳдлатул Улама” ва “Муҳаммадия” хайрия ташкилотлари, дунёга машҳур кардиожарроҳ, профессор Магди Ёқуб, Чили нодавлат ташкилоти асосчиси роҳиба Нелли Леон Cорреа, Барбадос бош вазири Миа Амор Моттли, “Дунё Марказий Ошхонаси” ҳамда ёшлар соғлиқни сақлаш инноватори Ҳеман Бекеле бор.
Мавзуга оид

16:12 / 24.07.2025
“Сиз халқимиз учун яшаяпсиз” — Саида Мирзиёева Шавкат Мирзиёевни таваллуд куни билан табриклади

18:54 / 23.07.2025
БАА ўзбекистонлик сайёҳлар учун ҳайдовчилик қоидаларини соддалаштирди

20:31 / 16.07.2025
Ўзбекистон энг хавфсиз давлатлар рейтингида 25-ўринни эгаллади

15:18 / 15.07.2025