Жаҳон | 18:28 / 28.04.2025
1824
2 дақиқада ўқилади

Путин КХДР ҳарбийлари Курск жангларида қатнашгани учун Ким Чен Инга миннатдорчилик билдирди

Россия президенти «кореялик ҳарбийларнинг юқори даражадаги махсус тайёргарлиги ва фидойилигини» таъкидлаб, жангларда «жонларини фидо қилган КХДР қаҳрамонлари доим хотирланишини» айтди.

Фото: mil.ru

Владимир Путин Шимолий Корея ҳарбийларининг Россия—Украина урушидаги иштироки учун Корея халқ армияси бўлинмаси ва КХДР етакчиси Ким Чен Инга миннатдорчилик билдирди.

28 апрел куни Кремл сайтида эълон қилинган баёнотда Путин Шимолий Корея қўшинлари «Курск областига бостириб кирган украин жангарилар гуруҳини тор-мор этишда» фаол иштирок этганини маълум қилди. РФ президенти сўзларига кўра, КХДР қўшинлари «Россия Федерацияси ва КХДР ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги шартномага мувофиқ, халқаро ҳуқуққа тўлиқ мос келади».

«Кореялик дўстлар бирдамлик, адолат ва чинакам дўстлик туйғуларидан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилди. Буни юксак қадрлаймиз ва КХДР халқига, олий раҳбариятига ва давлат ишлари қўмитаси раиси, ҳурматли Ким Чен Инга чин дилдан миннатдорчилик билдирамиз», — дейди Путин.

Россия президенти «кореялик жангчиларнинг юқори даражадаги махсус тайёргарлиги ва фидойилигини» таъкидлади. «Улар ўз бурчларини шараф ва жасорат билан бажариб, мангу шон-шарафга бурканди», — дея қайд этади Путин.

«Россия халқи кореялик махсус кучлар жангчиларининг қаҳрамонлигини ҳеч қачон унутмайди. Россиялик қуролдош биродарларимиз қатори Россия ва умумий эркинлик учун жонларини фидо қилган кореялик қаҳрамонларни ҳам доим хотирлаймиз», — дейилади баёнотда.

РФ Қуролли кучлари Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов 26 апрел куни россиялик ҳарбийлар Курск областида Украина Қуролли кучлари ҳарбийларини тор-мор этгани тўғрисида Путинга ҳисобот берди. Герасимов жангларда иштирок этган Шимолий Корея ҳарбийларига алоҳида миннатдорчилик билдирди. КХДР ҳам ўз навбатида мамлакат қўшинлари Россия томонида туриб жанг қилаётганини тасдиқлади.

Мавзуга оид