Ўзбекистон | 15:26
1849
4 дақиқада ўқилади

Давлат хизматчиларининг мол-мулкини декларациялаш бўйича қонун лойиҳаси май ойида тайёр бўлиши керак

Бу вазифа президент фармонида белгилаб қўйилди. Фармонга кўра, вазир ва ҳоким лавозимига номзодлар депутатлар тасдиғидан ўтиш учун коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ режасини тақдим этиб, ҳимоя қилиши керак бўлади. Адвокатлар фаолиятига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этишга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам икки ой ичида тайёр бўлиши кутилмоқда.

Фото: Getty Images

Ўзбекистонда “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 2025 йил май ойида тайёр бўлиши керак.

Бундай вазифа 21 апрелда имзоланган президент фармонида келтирилган.

Қонун лойиҳасида декларация субъектлари, объектлари ва унда акс эттириладиган маълумотлар, декларацияни тақдим қилиш шакли ва тартиби, уни текшириш тартиби назарда тутилади.

Топшириқ ижроси учун масъул сифатида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура кўрсатилган.

21 апрел кунги фармонга асосан, яна бошқа қатор ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Хусусан, вазир ва ҳоким лавозимига номзодлар тегишлича Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари кенгашларида кўриб чиқилаётганда улар коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ режасини тақдим этиб, ҳимоя қилиши керак бўлади. Бунинг тартибини Олий Мажлис палаталари келишув асосида, 2025 йил май ойи охиригача ишлаб чиқиши зарур.

Фуқароларга сифатли юридик ёрдам кўрсатилишида адвокатлар фаолиятига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этишга қаратилган қонун лойиҳаси 2025 йил июн ойида тайёр бўлиши кўзда тутилмоқда.

Июн ойи охиригача, шунингдек, давлат фуқаролик хизматига оид фармон лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилади ва унда қуйидагилар кўзда тутилади:

  • давлат хизматчилари реестри;
  • кадрларнинг коррупцияга мойиллик даражасини ўрганиш тартиби;
  • давлат хизматчиларини ишга қабул қилиш жараёнини очиқ ва шаффоф ўтказиш механизмлари;
  • давлат хизматчисининг малакаси ва салоҳияти, эришган натижаларини IT технологиялар асосида баҳолаш, номзодларни лавозимга тайинлашда уларнинг билими, тажрибаси ва эришган натижаларини асосий мезон сифатида белгилаш;
  • вазирлик ва идоралар марказий аппаратидаги раҳбарлик лавозимларига устувор равишда қуйи бўғинларда ишлаган, туман (шаҳар) даражасида раҳбарлик лавозимларига эса вилоят, республика идораларида ишлаган кадрларни тайинлаш бўйича янги тизим.

2025 йил июнгача “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қайта кўриб чиқилади ва унда:

  • коррупция жиноятларнинг аниқ рўйхати ва бу борада жазо чораларини кучайтириш;
  • коррупциянинг олдини олиш, аҳолини, айниқса, ёшларни бунга тоқатсизлик руҳида тарбиялаш, профилактика механизмларини яратиш;
  • коррупция ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тартиби назарда тутилади.

Маҳалла ва корхонабай ишлаш тизимида яширин иқтисодиётнинг олдини олиш борасида солиқ назорати тадбирларини такомиллаштириш бўйича қонун лойиҳаси 2025 йил июнда тайёр бўлиши керак. Лойиҳада:

  • солиқ органлари томонидан корхона ёки тадбиркорлик субъектларида солиққа оид ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда уларни бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўриш;
  • солиққа оид айрим ҳуқуқбузарликлар биринчи марта содир этилганда тадбиркорлик субъектларини дастлаб огоҳлантириш;
  • ҳуқуқбузарлик уч кун муддатда бартараф этилмаса ёки такроран аниқланса, шундан кейин солиқ текширувини ўтказиш тартибини жорий этиш назарда тутилади.

Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат тизими (“комплаенс-назорат”) самарадорлигини оширишга оид қарор лойиҳаси ҳам икки ой ичида тайёр бўлиши зарур. Лойиҳада:

  • коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг мустақиллигини таъминлаш;
  • коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг вазифа, функция, ваколат ва мажбуриятларини аниқ белгилаш, штатлар сонини белгилаш мезонларини ишлаб чиқиш;
  • мажбурий тартибда коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ходимларининг малакасини ошириш;
  • ушбу бўлинмаларнинг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги олдида ҳисобдорлигини таъминлаш;
  • тажриба тариқасида коррупция хавфи юқори бўлган айрим соҳаларда коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларини Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бўйсунувига ўтказиш назарда тутилади.

Мавзуга оид