Ғазода отишмалар остида тарқатилаётган таом, АҚШ ҳарбий учоғини қулатган ҳусийчилар ва «келажак шаҳри»ни тортолмаётган Саудия — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият: отишмалар остида таом тарқатилмоқда
Кейинги 40 кун давомида ҳуманитар қамал шароитида қолган Ғазо шимолидаги Жабалия ва Бейт Лаҳия лагерларида юзлаб болалар, аёллар ва кексалар қўлида бўш идишлар билан иссиқ таом учун навбатда турибди. Бу уларнинг ҳаётдаги ягона умидига айланган.
Исроилнинг қамал ҳолати ва узлуксиз ҳаво ҳужумлари овқат топишни ҳақиқий тирикчилик курашига айлантирди. Хайрия ташкилотлари дронлар гувиллаши остида, вайроналар бағрида егулик тарқатмоқда.
Кўп болалар таомни ўзлари учун эмас, деворсиз, даричасиз, уйларидаги оч наҳор яқинлари учун олиб кетмоқда. Бу аҳвол — шунчаки инсонпарварлик инқирози эмас. Бу — атайлаб уюштирилаётган очарчилик.
Исроилнинг ҳарбий амалиётлари шунчаки ҳалокат бўлибгина қолмасдан, балки бутун бошли жамиятни яшаш ҳуқуқидан маҳрум қилмоқда.
Қатар ва Саудия Сурия қарзини ёпди
Қатар ва Саудия Арабистони Суриянинг БМТ Тараққиёт банки олдидаги 15 млн долларлик қарзини тўлаб берди. Бу қарор Асад режими қулаганидан сўнг янги ҳукумат учун халқаро ёрдамни қайта тиклаш йўлини очиши мумкин.
Қўшма баёнотда айтилишича, ушбу тўлов банк фаолиятини қайта бошлаш ва янги ҳукуматга молиявий ва техник ёрдам кўрсатиш имконини яратади. Дамашқ ҳукумати бу қадам учун чуқур миннатдорлик билдирди.
Сурияда давомли иқтисодий таназзул давом этмоқда: мамлакат миллий валютаси фунт қадри 300 баробарга тушган, аҳолининг 90 фоизи қашшоқ. Ғарб санкциялари ҳамон кучда, АҚШ уларни бекор қилиш учун Эрон таъсирининг чекланишини талаб қилмоқда.
Саудия ва Қатар бу қарорни Вашингтондаги ХВЖ ва Жаҳон банки учрашувларида муҳокама қилган.
Ҳусийчилар АҚШ ҳарбий учоғини денгизга қулатишди
АҚШ ҳарбий-денгиз кучларига тегишли 60 млн долларлик F/A-18 Super Hornet қирувчи самолёти Қизил денгизга қулади. У «Ҳарри Трумэн» авиаташувчи кемасига ҳусийчиларнинг ҳужуми ортидан содир бўлган кескин бурилиш пайтида сувга қулаб, ғарқ бўлган.
CNN хабарига кўра, хусийчилар дрон ва ракета билан ҳужум қилган. Самолёт бу пайтда ангардан тортиб чиқарилмоқда эди. Жараёнда назорат йўқолиб, самолёт ва уни тортаётган техника денгизга тушиб кетган. Экипаж катапулта орқали ўзини қутқаришга улгурган, бир нафар денгизчи енгил тан жароҳати олган.
Бу «Трумэн»нинг хусийчилар билан илк тўқнашуви эмас. Декабр ойида у ўз крейсери томонидан хатога йўл қўйиб, самолётини йўқотган, февралда эса савдо кемаси билан тўқнашган.
АҚШ Зеленский эмас, Украина томонида
АҚШ президенти Доналд Трамп Россияга қарши урушда Украинага ёрдам бериш эҳтимолини рад этмади, бироқ бу ёрдам Володимир Зеленскийга эмас, украин халқига қаратилганини билдирди.
The Atlantic’га берган интервюсида у Зеленский билан муносабатларини мураккаб деб атади. 28 февралдаги учрашув ҳам ўзаро совуқликни намоён этган. Шунга қарамай, Трамп Украинага қурол эмас, иқтисодий санкциялар ва молиявий чекловлар орқали ёрдам бериш мумкинлигини айтди.
У Путиннинг Украина шаҳарларига ракета ҳужумларини танқид қилиб, бу ҳаракатлар Кремлнинг тинчлик истаги ҳақидаги сўзларига шубҳа туғдираётганини таъкидлади.
АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс сўнгги 3 ойда дипломатик саъй-ҳаракатлар орқали катта муваффақиятларга эришилганини айтиб, урушни чўзиш Украина учун хатарли эканини эслатди. Унинг сўзларига кўра, Россия парчаланишига умид боғлаш ядровий можарога олиб бориши мумкин.
Бу орада Кремл 8–11 май кунлари вақтинча оташкесим режасини эълон қилди. Зеленский бунга кескин муносабат билдириб, тўлиқ ва камида 30 кунлик отишманинг тўхтатилиши талаб қилинишини айтди.
Музокаралар тўхтади: Путин босимни оширмоқда
Россия президенти Владимир Путин Украина билан тинчлик келишувини Донецк, Луҳанск, Запорижжя ва Херсон вилоятлари тўлиқ назоратини олиш шарти билан боғлаяпти. Bloomberg манбаларининг хабар беришича, у АҚШнинг келишувга эришиш уринишларини рад этган.
25 апрел куни Кремлда ўтказилган музокарада Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф Путинни фронт чизиқларида ўт очишни тўхтатишга кўндиришга уринган. Бироқ Путин ҳеч қандай ҳудудий чекланишни қабул қилмаган ва талабларида қатъий қолган.
Bloomberg’га кўра, музокаралар тўлиқ тўхтаб қолган. Давомий силжиш фақат Путин ва Трампнинг шахсий учрашувидан кейин юзага келиш эҳтимоли бор.
АҚШ расмийлари бундан норози бўлиб, агар тез орада келишувга эришилмаса, музокаралардан чиқиб кетишини билдирган. Европа дипломатлари музокаралар ҳали давом этаётганини айтмоқда, аммо яқин ҳафталарда вазият аниқлашиши мумкин.
Россия Болтиқбўйида янги фронт очадими?
Россия Финландия ва Болтиқбўйи давлатлари билан чегарада ҳарбий инфратузилмани кенгайтирмоқда. The Wall Street Journal ёзишича, Петрозаводскдаги янги штаб ва чегарада қурилаётган казарма ҳамда темирйўллар бу йўналишга жиддий эътибор қаратилаётганини кўрсатади.
Москва армия сонини 1,5 миллионгача оширмоқда, Т-90М танклари ишлаб чиқариш ҳажми уч йилда 8 баробарга ошган. Уларнинг аксарияти Украинага эмас, мамлакат ичида қолмоқда.
Финландия электрон назорат тизимлари ўрнатмоқда, Полша эса «вақт қолмади» деб огоҳлантирмоқда. Болтиқбўйи давлатлари Россия Украинадан қўшинларини тортгач, улар шимолий фронтга ўтади, деб ҳисобламоқда. Эстония 2028–2030 йилларда ҳужум эҳтимолини айтмоқда.
Москва ва Минск жорий йил «Ғарб» машқларини ўтказишни режалаштирмоқда. НАТО эса Болтиқбўйида янги тартибсизликлардан хавотирда.
Муқаррар инқироз: рецессия хавфи ормоқда
2025 йилда глобал рецессия хавфи юқори бўлиши кутилмоқда. Reuters ўтказган сўровда иқтисодчиларнинг 60 фоизи бу эҳтимолни «юқори» ёки «жуда юқори» деб баҳолади. Бунга АҚШ президенти Доналд Трамп жорий қилган янги бож сиёсатлари сабаб бўлмоқда.
Унинг барча импортга 10 фоиз ва Хитой маҳсулотларига 145 фоизлик бож жорий этиши, иқтисодчилар фикрича, ишончсиз муҳит яратиб, бизнес режалаштиришни қийинлаштирмоқда. TD Securities компанияси раҳбари Жеймс Росситерга кўра, бир йил кейинги вазиятни тасаввур қилиш имконсизга айланмоқда.
300 дан ортиқ иқтисодчи сўровида божлар ижобий таъсир қилмоқда, деган яккам-дуккам фикр ҳам билдирилмади. 92 фоизи салбий таъсирни қайд этган. Халқаро валюта фонди 2025 йилда ўсишни 2,8 фоизга баҳоламоқда, сўровдаги тахмин эса 2,7 фоизга туширилган.
Хитой АҚШни ҳушёрликка чақирди
Хитой ташқи ишлар вазири Ванг Йи АҚШни тарифлар орқали сиёсий босим ўтказаётганликда айблади ва BRICS давлатларини жаҳон савдо қоидаларини ҳимоя қилишга чақирди.
Рио-де-Жанейрода ўтган BRICS ташқи ишлар вазирлари учрашувида Ванг Йи Америка протекционизмини танқид қилди. Унга кўра, АҚШ эркин савдодан фойда кўрган бўлса-да, ҳозирда тарифлар орқали бошқа давлатларга юқори нархларни мажбур қилмоқда.
«Агар жанжалкашга имкон берилса, у бутун тизимни эгаллайди», деди Ванг Йи. У BRICS давлатларини Жаҳон савдо ташкилоти асосидаги кўп томонлама тизимни ҳимоя қилишга чақирди.
АҚШнинг юқори божлари фонида Хитой саноатида ишлаб чиқариш янада секинлашмоқда. Март ойида хитойлик ишлаб чиқарувчилар экспортни кучайтирганди, аммо Трамп жорий этган 145 фоизли тарифлар бу имкониятни чеклади.
ХХР иқтисодиёти қурилишдаги инқироз, дефляция ва даромад ўсишининг сустлиги билан юзма-юз келмоқда.
Саудия «келажак шаҳри»ни торта олмаяпти
Саудия Арабистонининг улкан «келажак шаҳри» — Neom лойиҳаси кескин қисқартирилмоқда. Нефт нархининг пасайиши ва бюджет харажатларининг чеклангани туфайли 2030 йилгача режалаштирилган 1,5 миллион аҳоли ўрнига 300 минг киши яшаши кутиляпти. 170 км узунликдаги «чизиқли шаҳар»дан эса фақат 2,4 км қурилиши мумкин.
1,5 трлн долларга баҳоланган Neom лойиҳаси Мухаммад ибн Салмоннинг «Назар 2030» стратегиясидаги марказий бўғин эди. Айни дамда фақат Қизил денгиздаги айрим курортлар ишга тушган, кўплаб объектлар, жумладан, 2029 йилги Осиё қишки ўйинлари учун мўлжалланган чанғи курорти ҳали ҳам қоғозда.
Brent нархининг $64,27га тушиши Саудия иқтисодиётига босимни кучайтирди. Халқаро валюта фондига кўра, мамлакат бюджети мувозанатда бўлиши учун баррели 90 долларлик нарх зарур. Goldman Sachs каби банклар харажатларни қисқартириш ва лойиҳаларни қайта кўриб чиқишни башорат қилмоқда.
Мавзуга оид

18:45
Рейтинглар қуламоқда – америкаликлар Доналд Трампнинг биринчи 100 кунини баҳолади

17:35
Трамп жаҳонда нефть нархининг сўнгги йиллардаги энг катта пасайишига сабаб бўлди – ОАВ

17:12
Reuters: Россия томонида туриб жанг қилишга юборилган қарийб 600 нафар КХДР ҳарбийси ҳалок бўлди

15:15