Ўзбекистон | 22:38 / 17.06.2025
993
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон украиналик болаларга ўқув қуроллари тўпламини совға қилди

Урушдан жабр кўрган украиналик оилаларнинг болалари Ўзбекистонда таътилни ўтказди, уларга 2 мингта ўқув қуроллари тўплами совға қилинди.

Фото: Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси

Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси урушдан жабр кўрган украиналик оилаларнинг 97 нафар боласи учун ташкил этилган унутилмас таътил учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирди. 5 июндан 17 июнгача икки ҳафта давомида Ўзбекистон улар учун ғамхўрликка тўла ҳақиқий уйга айлангани таъкидланди.

«Ўзбекистон томонининг ташаббуси билан амалга оширилган ушбу таъсирли ташаббус халқларимиз ўртасидаги чуқур дўстлик ва бирдамликнинг ёрқин далилидир. Биз айниқса, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига бенуқсон мувофиқлаштириш учун, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясига ҳар томонлама ёрдам учун ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига қизиқарли ва мазмунли дастур учун миннатдорчилик билдирамиз», дейилади хабарда.

Шунингдек, бўлажак мактаб ўқувчилари учун ажойиб совға - 2000 та «биринчи синф ўқувчиси тўплами» учун алоҳида ташаккур билдирилди.

«Бундай ёрдам Украина учун бебаҳо бўлиб, қўллаб-қувватлашга муҳтож болаларга умид ва табассумлар ҳадя этади. Биз сизнинг инсонпарварлигингиз ва очиқлигингизни чуқур қадрлаймиз! Биргаликда биз мустаҳкам келажак қурамиз!», дейилади элчихона хабарида.

Мавзуга оид